Украина президенти Владимир Зеленский хорижлик журналистлар билан мулоқотида ҳозиргача 1300 га яқин украиналик ҳарбий ҳалок бўлганини айтди.
Суҳбат давомида у Исроил бош вазирига Россия билан Қуддусда музокара ўтказишни таклиф қилганини айтди. Шунингдек, Украинага ракетага қарши тизимлар кераклигини ва Киев улар учун пул тўлашга тайёрлигини билдирди.
Зеленскийнинг айтишича, россиялик ва украиналик музокарачилар ультиматум алмашиш ўрнига аниқ мавзуларни муҳокама қила бошлаган. У Россия билан музокараларга тайёр эканини айтиб, тинчлик жараёни сўзда эмас, амалда бошланишига умид билдирган.
Шу ўринда NATO аъзоларининг Украина манфаати йўлида бирлашиш учун жасоратини кўрмаётгани ҳақида гапириб ўтган. «NATO аъзолари орасида Украина манфаати учун (осмонни ёпиш, тегишли қурол билан таъминлаш — таҳр.) бирлашиш учун жасорат кўрмаяпман. Украинани NATOга қабул қилиш бўйича келишилган позиция йўқ, йўқ эди», — деган Зеленский.