Сирдарё туманидаги Бахт шаҳарчасини 16 март куни кузатилаётган кучли ёғингарчилик оқибатида сув босди. Бу ҳақда Фавқулодда вазиятлар вазирлиги маълумот берди.
Қайд этилишича, хўжаликлараро коллекторнинг шаҳарча ҳудудидан оқиб ўтувчи қисмида сув сатҳи меъёридан ошиб кетган. Бунинг оқибатида қишлоқ хўжалигининг шудгор ерларига, маҳаллалар ва 102 та аҳоли яшаш хонадонига сув кирган.
Вазият оқибатларини бартараф этиш мақсадида ички ишлар бўлимида тезкор штаб ташкил этилиб, туман ҳокимлиги, фавқулодда вазиятлар, ички ишлар, миллий гвардия ходимлари ва маҳалла вакилларидан иборат 3 та ишчи гуруҳ тузилган.
Шунингдек, воқеа жойига Фавқулодда вазиятлар вазири бошчилигида Махсус вазифалар бўйича республика қутқарув марказидан қутқарувчилар етиб борган. Бундан ташқари, Жиззах ва Тошкент вилоятлари ФВБларидан қўшимча куч ва воситалар сафарбар этилиб, ҳозирда сувни чиқариш ишлари олиб борилмоқда.