Тафаккур вақти: Йўлчи ва от

Бир отни ўтлоқ ерга қўйиб юборган эдилар. От у ўтлоқдан ўтлаб, истаган ерига чопиб, сакраб ўйнаб юрарди. Ўтлоқнинг охиридаги чуқурроқ бир йўлдан ўтиб кетаётган йўлчиларни от ора-сира томоша қиларди.

Бола-чақаларига озиқ-овқат олиб кетиш учун қишлоқдан шаҳар бозорига бораётган яхши қалбли бир одам ўша чуқурлик йўлдан ўтаётганда, от гўё салом берган каби унинг ёнига «ҳи-ҳи» лаб келди. У одам ҳам тўхтаб отнинг юз-кўзидан сийпаб, эркалаб, яна йўлида давом этди.

Бир оздан кейин қаттиқ кўнгилли, қўпол табиатли бир одам ҳам ўша йўлдан ўтаётган эди, от «ҳи-ҳи» лаб кишнаб унинг ёнига кела бошлади. Бу киши бир тош олиб отга отди, тош отнинг бошига тегиб яраланди. Бечора от яраланган бошини қуйи солиб қочиб кетди.

Бу икки одам шаҳар бозорига етган вақтларида сел қуйиб, чуқур йўл сув билан тўлди. Яхши қалбли одам шаҳардан юмушини битириб қишлоғига қайтаркан, ўша чуқурлик ёнига келди, фақат қандай ўтиш керак? Сув тиззагача чиққанди, ё сувга тушиб ҳамма либосини шалаббо қилиб ўтиш ёки сувнинг силжиб оқиб тамом бўлишини кутиш керак эди.

Сув ичига тушиб ўтса, тумов бўлиб қолиши ҳам мумкин эди. Яхши қалбли киши нима қилишини билмай ҳайрон бўлиб турганди, шу пайт отнинг «ҳи-ҳи»лаган товушини эшитиб дарҳол уни ёрдамга чақирди. От ҳам ўзига яхши муомала қилган бу одамнинг овозини эшитиб дарҳол ёнига келди, уни устига миндириб сувдан ўтказиб қўйди. Яхши қалбли одам ҳеч бир ери ҳўл бўлмасдан сувдан ўтиб кетди.

Шу вақт отни тош билан урган қўпол табиатли одам ҳам келиб қолди. От яхши қалбли одамни сувдан ўтказиб қўйганини кўриб, бу ҳам уни ёрдамга чақирди. От бу одамни ҳам таниб ёрдам беришни истамади. «Ҳи-ҳи»лаб кишнаб ўтлоқнинг бир томонига қочиб кетди. Қўпол табиатли одам сувнинг оқиб тамом бўлишини кутиб у ерда қолиб кетди.