Комил Алламжонов Олий Мажлис депутати Расул Кушербаев давлат имтиҳон марказлари қарорларга зид равишда ёпилгани ҳақида билдирган фикрига жавоб қайтарди.
Куни кеча депутат Тошкент шаҳрида ҳайдовчилар учун имтихон олувчи «Ягона имтиҳон маркази» фаолиятининг йўлга қўйилиши ва давлат имтихон марказлари ёпилишида истеъмолчилар ҳуқуқлари, рақобат ҳамда бошқа қонунчилик ҳужжатларига риоя этилиши масаласида Монополияга қарши курашиш қўмитаси раиси номига “депутатлик сўрови” киритгани ҳақида хабар берган эди.
Бунга сабаб эса республиканинг баъзи ҳудудларида (Қашқадарё вилоятида 2 та, Сурхондарё вилоятида 3 та ҳамда Тошкент вилоятида 6 та) Ички ишлар вазирлиги тизимидаги Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш марказлари ушбу соҳада етарли миқдорда хусусий сектор субъектлари ташкил этилмай туриб, Президент қарори талабларига зид равишда фаолияти тўхтатилгани бўлган.
«Президент қарорида айнан бир ташкилотга эксклюзив ҳуқуқлар берилмаган ҳамда тегишли лицензияга эга бўлган барча тадбиркорлик субъектларига ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтихонларни олиш ҳуқуқи берилган.
Шу муносабат билан Монополияга қарши курашиш қўмитаси Президент қарори талабларига зид ҳаракатлар содир этилаётганлиги сабабли Вазирлар Маҳкамаси (Ҳукуматга) киритиш учун тегишли таклиф ишлаб чиқибди.
Таклифда Давлат йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг назарий ва амалий имтиҳонларни ўтказиш бўйича фаолияти ушбу хизматни кўрсатувчи тадбиркорлик субъектларининг етарлича ташкил қилингунига қадар, яъни ҳар бир ҳудудда аввал фаолиятда бўлган имтихон олувчи давлат ташкилотлари сонидан кам бўлмаган хусусий сектор бозорга киргандан сўнг тўхтатилиши назарда тутилган.
Бунда масалан, Тошкент вилоятида 6 та хусусий имтихон олиш маркази ташкил этилгунга қадар 6 та давлат маркази ишлаши керак. Нима учун 6 та дейилса, асос шуки яқин вақтгача талабдан келиб чиқиб Тошкент вилоятида 6 та марказ фаолият кўрсатган. Ундан ками етмайди.
Демак, бундан хулоса келиб чиқадики, битта тадбиркорлик субъектининг тезроқ “соққа ишлаши”га имконият бериш учун шошиб-пишиб бошқа давлат имтихон марказларини ёпиш орқали Президент қарори талаблари ҳам бузилган.
Энди савол: Қарор талабларини бундай талқин қилиш ва бузиш кимга, нима учун керак бўлди?», – дейди Расул Кушербаев.
Бунга жавобан Комил Алламжонов эса «Ҳурматли депутатимиз Расулжон Кушербаевнинг ёзган постларининг бизга тегишли қисмига ўз муносабатимни билдирмоқчиман.
Тошкент шаҳри учун хизмат кўрсатаётган ҳозирча ягона бўлиб турган «Имтиҳон маркази» тўлиқ Президент ва Вазирлар Маҳкамасининг қарорига мос равишда фаолият юритмоқда. Марказ бугунги кунда 800 дан ортиқ фуқародан имтиҳон олиш имкониятига эга. Марказ очилгунига қадар Тошкент шаҳридаги 3 та ГАИ имтиҳон олиш бўлимлари (кичкина-кичкина, ҳар хил туманда умумий шаҳар бўйича 4-5 тагина хонадан иборат бўлган) кунига 400 нафар одамдан имтиҳон олган.
Демак, бундан келиб чиқадики, бизнинг замонавий, барча стандартларга жавоб берувчи «Имтиҳон марказ» аввалги имкониятдан 2 баробар катта ва энг асосийси, катта автоматлаштирилган автодром, компютерлаштирилган хоналарига эга. Навбатлар йўқ деярли. Кўп хоналари бўш ҳам турибди. Ва шу кунгача ҳали бирор марта аввалгидек 400 нафар уёқда турсин, ҳатто 200 нафар ҳам одам келмади.
Энди вилоятлар кесимига келсак, у масалага бизнинг алоқамиз йўқ ва аниқ биламанки, ички ишлар вазирлигининг асосланган ўз жавоби бўлса керак. Хуллас, у ерда бизнинг марказ йўқ. Ва ҳаммаси бутун Тошкент маркази учун деган шаъмали эътироз ўринсиз. Ҳеч қачон Қашқадарёдан ёки Сурхондарёдан келиб Тошкентда имтиҳон топширишмайди. Устига устак, бизда фақат билим талаб қилинади. Логикани тушуняпсиз, деган умиддаман», деган Комил Алламжонов.
У имтиҳонлардан ўтиш осон бўлган эскича тизимни қўмсаганларгина янги тизимдан норози бўлиши мумкинлигига урғу қаратган.
«Соққа» қилишга келсак, айнан «соққа» ҳар соҳанинг драйверидир. Сизнингча фикрланса, сиз ҳам фақат «соққа» учун ишлайсиз ва «соққа қиласиз», чунки текинга ишламайсиз-ку (ўзингиз айтгансиз шу гапни). Аслида «соққа» қилиш гуноҳ эмас. Жиноят ҳам эмас. Албатта, уни қандай қилиш муҳим. Масалан, биз ҳозирда ҳаммасини қонуний қиляпмиз. «Соққа» туфайли Марк Цукерберг Фаcебоок, Илон Маск Тесла, Дуров Телеграм, Стив Жобс Айфон яратди. Агар «соққа» келмаса, бундай технологик ривожланиш бўлмас эди.
Сиз ёш ва замонавий, ватанпарвар, энг асосийси, тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш партияси депутати сифатида бизни яхши тушуниб, хусусийлаштириш тарафида бўлишингиз керак деб ўйлайман. Яна билмадим. Балки сизга эски коррупсиялашган тизим кўпроқ ёқар. Сайловчилар, тайинловчилар сизга мурожаат қилишса, дарров қилич кўтариб кетмай уларни кўпроқ ўқишга, билим олишга чақирсангиз, бугунги сиёсатнинг асл ёрдамчиси бўласиз деб ўйлайман. Сайловчиларингиз саволи менга жуда қизиқ. Худдики «Имтиҳон маркази»ни қўллаш эмас, қийналиб кетганидан эскисини қайтариб беринг, дейишаётгандек. Яна ким билсин!
Ишларингизга омад. Вақтингиз бўлса келинг бир айланиб. Жон деб кутиб олиб, энг замонавий, ҳақиқий имтиҳон марказини кўрсатамиз. Жуда кўпчилик ўта олмаяпти. Чунки билими йўқ. Сайловчиларингиз (улар Тошкент вилоятидан бўлса керак) қўмсаётган тизимда шулар балки юз фоиз ўтиб кетар эди. Кўчадаги аҳволни кўриб турибсиз. Сиз қайтариш керак деган тизим натижаси бу», дея постини якунлайди Алламжонов.
Шахруза Сатторова