Сирдарёда 210 млн сўмлик ноёб топилмаларни мамлакатдан олиб чиқмоқчи бўлган эркак ушланди

Сирдарё вилояти божхона бошқармаси «Сирдарё» чегара божхона пости ходимлари томонидан ноёб топилмаларни мамлакатдан олиб чиқмоқчи бўлган эркак ушланди.

Маълум қилинишича, чегара божхона пости ходимлари томонидан ушбу пост орқали ҳаракатланаётган «Volvo» русумли юк автотранспорт воситаси ўрнатилган тартибда божхона назоратидан ўтказилганда И.Р.га тегишли ҳеч қандай ҳужжатлари бўлмаган 21 дона бронзага ўхшаш қаттиқ жисмдан турли шаклларда ўйиб ясалган тарихий буюмлар борлиги аниқланган.

Ўзбекистон Фанлар Академияси Миллий археология марказининг хулосасига мувофиқ, экспертизага тақдим қилинган 21 дона буюмларга ягона орнамент (нақш) туширилгани, уларда ягона ўймакорлик шакллари борлиги, тош бўлакчаларининг бир хил вазнга эгалиги, Ўрта Осиёнинг XI–XIII асрларга оид ноёб топилмалари ҳисобланиши маълум бўлган. Шунингдек, Ўрта Осиё метрологияси учун ҳам муҳим тарихий манба экани тўғрисида маълумот берилган.

Ўзбекистон Туризм ва Маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлигининг хулосасида ушбу 21 дона буюмлар амалдаги қонун ҳужжатларга мувофиқ, тарихий қийматдаги бойликлар экани ва умумий қиймати 210 миллион сўмни ташкил этиши ҳамда уларни Ўзбекистондан олиб чиқиш тақиқлангани маълум бўлган.

Юқорида аниқланган ҳуқуқбузарлик ҳолати юзасидан божхона органлари томонидан суриштирув ҳаракатлари олиб борилмоқда.