Баҳорги ҳолсизлик қандай касалликларнинг белгиси бўлиши мумкин!

Умумий ҳолсизлик бир қатор инфекцион ва ноинфекцион касалликларнинг ҳам илк белгиси бўлиши мумкин.
Бу ҳақда Республика ихтисослаштирилган эндокринология илмий-амалий тиббиёт маркази диабетология бўлими шифокори, тиббиёт фанлари номзоди Феруза Тоҳирова маълум қилди.

«Юқумсиз эндокрин (қандли диабетнинг иккинчи тури) ва хавфли ўсма касалликлари, ревматизм, ревматоид артрит, тизимли қизил бўрича, камқонлик, юрак қон-томир касалликлари шулар жумласидан.

Бемор ҳаётига хавф соладиган қандли диабетнинг иккинчи тури (қондаги қанд миқдорининг ошиб кетиши) кўпинча 40 ва ундан катта ёшдаги кишиларда учрайди. Бунга наслий мойиллик ёки нотўғри овқатланиш, семизлик, камхаракатлик, асабий зўриқиш кабилар сабаб бўлади.

У яширин кечади, лекин бош мия, кўз туби, юрак, буйрак, ҳамма йирик ва майда артериал қон-томирлар шикастланиб боради. Бу патологик жараён юрак қон-томир ва буйрак етишмовчилигига олиб келади.

Сурункали В ва С вирусли гепатитлар (жигар касалликлари) эса юқумли касаллик бўлиб, инъекция орқали, қон қуйишдан, ҳомиладор онадан болага юқиши мумкин. Хасталик яширин кечгани билан беморда кундан-кунга умумий ҳолсизлик ошиб боради.

Агар сизни умумий ҳолсизлик ёки сурункали чарчаш синдроми безовта қилса, дарҳол врачга мурожаат қилинг. Тиббий кўрик жараёнида шифокорлар умумий ҳолсизлик сабабларини аниқлашда ёрдам берад»,— дея таъкидлайди мутахассис.