Жорий йилнинг 14 – 19 март кунлари Ўзбекистон Уруғчиликни ривожлантириш маркази раҳбар ва ходимларидан иборат Ишчи гуруҳ Ўзбекистон Республикасида охирги йилларда соҳада амалга оширилган ишлар, Қишлоқ хўжалиги вазирлиги раҳбарияти томонидан мамлакатимизда уруғчилик соҳасини халқаро стандартлар даражасига етказиш, сифатли ва рақобатбардош уруғликларни ишлаб чиқаришни кенгайтириш, Марказ тизимига ўтказилаётган 31 та уруғлик цехларини замонавий ва инновацион технологиялар асосида модернизация қилиш бўйича Туркия тажрибаси билан яқиндан танишиш мақсадида хизмат сафарида бўлди.
Хизмат сафари давомида Туркия уруғчилар уюшмаси “TURKTOB” бошқарув директори Саваш Акчан, “AKYUREK”компанияси раҳбари Умутбек Акюрек, Халқаро иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти уруғчилик уюшмаси “ECOSA”ижрочи директори Али Устун ҳамда бошқа уруғчилик соҳасида фаолият олиб борадиган йирик компаниялар ва бирлашмалар билан ҳамкорлик учрашувлари ўтказилди.
Ишчи гуруҳи дастлаб, Туркиянинг Мерсин шаҳридаги қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини қайта ишлаш технологияларини ишлаб чиқарувчи “AKYUREK”компанияси фаолияти билан танишди. “AKYUREK”компанияси билан ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
“AKYUREK”компанияси 1973 йилда Туркиянинг Мерсин шаҳрида ташкил топган ҳамда уруғларни қайта ишлаш, саралаш, қадоқлаш ва дорилаш ускуналарини ишлаб чиқиш билан шуғулланади. Бугунги кунда компаниянинг ишлаб чиқариш майдони 48 минг кв.м. бўлиб, 500 дан ортиқ ходимлар фаолият олиб боради. Бундан ташқари, компанияда ишлаб чиқараётган ускуналар тўлиқ маҳаллийлаштирилган бўлиб, ҳар йили 150 дан ортиқ уруғликларни қайта ишлаш линияларни тайёрлаш имкониятига эга.
Эътиборли жиҳати шундаки, компаниянинг юртимиздаги офисида ҳар бир ўрнатилган линияни ишлаш жараёнини назорат қилиш учун ягона электрон базага уланиши ва аниқланган камчиликларни зудлик билан бартараф этиш бўйича сервис хизматлари йўлга қўйилган.
Ишчи гуруҳига “AKYUREK”компанияси томонидан уруғликларни қайта ишлаш, саралаш, дорилаш ҳамда қадоқлаш ускуналарини ишлаб чиқариш жараёнлари ва цехлари фаолияти яқиндан таништирилди.
Олиб борилган музокаралар натижасида, “AKYUREK”компанияси билан Уруғчиликни ривожлантириш маркази ўртасида ҳамкорлик Меморандум имзоланди.
Бунда:
• Ўзбекистонда компаниянинг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини қайта ишлаш, тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш линияларини жорий қилиш;
• Уруғчиликни ривожлантириш маркази тизимидаги уруғлик чигит ва дон цехларини ҳолатини ўрганиш ва модернизация қилиш бўйича таклифларни тайёрлаш учун компания томонидан эксперт ва мутахассислар ажратиш;
• Марказ тизимидаги Андижон пахта уруғчилиги цехини модернизация қилиш бўйича техник асосномалар тайёрлаш ва замонавий технологияларни жорий қилиш;
• қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини қайта ишлаш, тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлашнинг замонавий технологияларидан фойдаланишда кадрларни ўқитиш ва малакасини ошириш.
Шунингдек, компания келажакда Ўзбекистон Республикасига инвестиция киритиб, компаниянинг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғликларини қайта ишлаш, тозалаш, саралаш, дорилаш ва қадоқлаш ускуналарини ишлаб чиқариш бўйича филиалини ташкил этиш режалари борлигини маълум қилди.
Ўзбекистон делегациясининг кейинги ташрифи Халқаро иқтисодий ҳамкорлик уруғчилик уюшмаси “ECOSA” бўлди. Бу ерда уюшма ижрочи директори Али Устун билан учрашув ўтказилди. Учрашувда Ўзбекистон ва Туркия ўртасида уруғчилик соҳасида ҳамкорликни янада ривожлантириш, мамлакатимизда ишлаб чиқариладиган уруғликларни сертификатлашни халқаро стандартлари даражасида ташкил этиш ҳамда “ISTA” ва “OESD” халқаро сертификатлаш ташкилотларига аъзо бўлиш масалалари кўриб чиқилди.
“ECOSA” ижрочи директори Али Устун Ўзбекистон Республикасини “ISTA” ва “OESD” халқаро сертификатлаш ташкилотларига аъзо бўлиш жараёнларини ташкил этиш учун Туркия томонидан яқиндан ёрдам беришга тайёрлигини маълум қилди. Икки ташкилот ўртасида ҳамкорликни мустаҳкамлаш ва ривожлантириш мақсадида Меморандум имзоланди.
Шундан сўнг делегациямиз Туркиянинг Адана шаҳрида “Atlas Tohum Ziraat Ltd.” Компанияси директори Сердар Мард ҳамда компания олим ва мутахассислари билан учрашув ўтказди.
“Atlas Tohum Ziraat Ltd.” уруғчилик компанияси 2006 йилда ташкил топган бўлиб, асосий йўналиши пахта, соя, буғдой ва ерёнғоқ селекцияси ва уруғчилигига ихтисослашган.
Ишчи гуруҳи мазкур компаниянинг ишлаб чиқариш цехлари ва лабораторияларига ташриф буюрди ва компания фаолияти билан яқиндан танишиб, компания томонидан яратилган пахта, соя, буғдой ва ерёнғоқ навлари хусусиятлари бўйича фикр алмашди.
Компания билан Ўзбекистонда соя ва ерёнғоқ навларини синаш ҳамда уларни уруғчилигини ташкил этиш бўйича музокаралар олиб борилди.
“Atlas Tohum Ziraat Ltd.” компанияси билан Марказ ўртасида уруғлик соянинг 2 та ва ерёнғоқнинг 2 та навларини Ўзбекистон Республикасида синаш ва тажриба алмашиш бўйича ҳамкорлик Меморандум имзоланди.
Бундан ташқари, Адана шаҳрида жойлашган “Taren Tohum” компаниясига ҳам ташриф буюрилиб, компания директори Фират Хинис билан учрашув ўтказилди. Бу компания уруғлик чигитни кимёвий усулда туксизлантириш, дорилаш ускуналарини ишлаб ишлаб чиқариш шуғулланади.
Алоҳида таъкидлаш лозимки, компания бугунги кунда Андижон, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятлардаги кластерлар билан ҳамкорлик ўрнатган ҳамда уруғлик чигитни кимёвий усулда туксизлантириш цехларини қуриш ишларини амалга ошириб келмоқда.
Олиб борилган музокаралар давомида “Taren Tohum” компанияси Марказ тизимидаги уруғлик чигитни қайта ишлаш цехларига замонавий ускуналар ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича ҳамкорликка тайёр эканлигини маълум қилди.
Туркиянинг Каппадокия шаҳрида жойлашган “SEEDOGA” картошка селекцияси ва уруғчилигига ҳамда картошка маҳсулотини қайта ишлашга ихтисослашган компания фаолияти билан ҳам танишилди.
“SEEDOGA” компаниясининг картошка селекцияси ва ин витро лабораторияси, иссиқхона ва қайта ишлаш цехлари фаолияти ўрганилди. Компания Туркия селекциясига мансуб 6 хил картошка навидан 450 кг.дан жорий йилнинг май ойларида Ўзбекистонда синаш учун юборишга ва уруғлик картошкани етиштириш бўйича ўз тажрибасини алмашиш ва келгусида ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.
Делегациямизнинг Туркиядаги сўнги манзили уруғчилар уюшмаси “TURKTOB” бўлди. Бу ерда Ўзбекистон Уруғчиликни ривожлантириш маркази раҳбари ҳамда “TURKTOB” бошқарув директори Саваш Акчан билан ҳамкорлик учрашуви ўтказилди. Уюшма раҳбарияти қишлоқ хўжалиги экинлари уруғчилик соҳасида Ўзбекистонни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаши, ўз тажрибаси билан бўлишиши ва уруғлик цехларни модернизация қилишда маслаҳатлар беришга тайёрлигини маълум қилди ҳамда тарафлар ўртасида ҳамкорлик қилиш бўйича Меморандум имзоланди.