24 март куни биржа савдолари якунларига кўра, барча тоифадаги шакарнинг ўртача кунлик нархи аввалги савдо кунига нисбатан яна 14 фоизга — 1 кг учун 10101,3 сўмдан 8735,8 сўмгача пасайди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республика товар-хом ашё биржаси матбуот хизмати хабар берди.
Пайшанба куни биржа савдоларига деярли 50% кўпроқ- 3200 тонна шакар қўйилди, бироқ фақат 2874 тоннасининг (90%) сотилгани эса харидорлар талаби камайганини кўрсатади. «Хоразм шакар» заводи 1600 тонна, «Ангрен шакар» эса 1274 тонна маҳсулот сотган.
18 ва 24 март оралиғида шакарнинг биржа нархи деярли 30 фоизга арзонлашди. Бунга бозорга асосланган чора-тадбирлардан фойдаланиш, жумладан, таклиф даражасини ошириш орқали эришилди, дейилади хабарда.
Хоразм шакар заводи ходими Ўзбекистон Бош прокуратураси ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаментига берган интервьюсидатадбиркорларни нархлар ошишида айблади.
«Биржа савдолари орқали узлуксиз равишда шакар маҳсулотини етказиб турибмиз. Лекин бу шакар маҳсулотини баъзи бир ваҳимага тушиб қолган тадбиркорларимиз талабдан кўра кўп миқдорда олиши натижасида нарх сунъий равишда ошиб кетди. Бунга асос йўқ», — деди у.
Корхона вакили хориж давлатларидан содир бўлаётган жараёнлар Ўзбекистонда шакар ишлаб чиқаришга таъсир кўрсатмаслигини таъкидлади.
«Биз шакар хом ашё маҳсулотини Бразилия давлатидан олиб келамиз. Шакар учун захираларимиз етарли. Халқимизга бемалол етказиб бера оламиз. Ҳукуматимиз қарорига асосан ярмаркалар ташкил этилди. Ярмаркаларга ҳам етказиб бериб турибмиз», — дея қайд этилди.
Аммо… Мен не дерман, қўбизим не дер деганларидек, қўбизимиз бошқа куйни чалмоқда.
Шакарга кетиб деганларидек, шаҳар бўйлаб шакар қидирганимизда, кўпчилик дўконларда товар йўқ, ёки олиб келишни тўхтатиб қўйишган. Борларининг нархи эса доллар билан пойгага чиққандай. Ошгани- ошган… 13 мингдан 18 минггача.
Бир пойтахтда шу аҳволми деб қолганлардан арзи ҳол қилсак, ҳамма ҳам биздеккина.
Жиззахда Бахмал туман марказида 18 минг, Булунғурда 13 минг, Жарқўрғонда 14 минг, Шаҳрисабзда 15 минг, Наманганда 14 минг, Паяриқда эса бир килограмм шакар нархи 16 минг сўм…
Ўзингдан чиққан балога, қайга борай даъвога дейишганидек, бировнинг азасини тўй қиладиганларга инсоф тилашдан бошқа чорамиз йўқ.
Шахруза Сатторова