Тошкент шаҳрида март ойидаги ёғинлар тарихий рекордни янгилаши мумкин, деб ёзди Uzb_Meteo телеграм-канали муаллифи, докторант (PhD) Эркин Абдулаҳатов.
Таъкидланишича, ўтган аср ҳам, ундан олдинги асрнинг охирларида ҳам Тошкент шаҳрида март ойида ёғингарчилик миқдори 184 мм дан ошмаган.
Тошкент шаҳрида кузатувлар 1870 йилда бошланган. Мана, 152 йилдирки, шаҳарда мунтазам, ҳеч қандай узилишларсиз, метеорологик кузатувлар амалга оширилмоқда.
Ёши катталар жуда яхши эслашади, 1968-1969 йилларнинг қиши Ўзбекистонда жуда совуқ ва серқор келган. Шу билан биргаликда, 1969 йил март ойида ёғинлар ҳам фавқулодда мўл бўлган. Бир ой давомида умумий ёғин 184 мм ни ташкил этган. Бу пойтахтда баҳор мавсуми бошидаги ой учун кузатувлар тарихидаги энг кўп ёғин кўрсаткичидир.
Март ойида ўртача ёғингарчилик ой давомида 70,2 мм ни ташкил этади. Ҳозирнинг ўзида пойтахтда 168 мм ёғин ёғиб бўлди. Бу Тошкентда бир йилда ёғиши керак бўлган ёғиннинг 37 фоизидир. Ойдаги меъёрий ўртача қийматнинг эса 240 фоизи.
Ёғинлар 25 мартга ўтар кечаси, 26 март ва 29 март кунлари ҳам ёғиши прогноз қилинмоқда. Ишончли иқлими моделлари бу давр учун пойтахтда яна умумий 16 мм га яқин ёғин ёғишини прогноз қилган. Балки ушбу ой охирида пойтахтда тарихий рекорд ёғингарчилик кузатилишига гувоҳ бўлармиз, дея таъкидлаган мутахассис.