Андижон вилоятидаги қамоқхонада маҳбус ўзи билан бир камерада сақланаётган шеригини ўлдириб қўйди. Воқеага маҳбусларнинг ўзаро келишолмай қолганлиги сабаб бўлган.
Жорий йилнинг 21 март куни соат тахминан 15:00ларда ИИВ ҳузуридаги ЖИЭД 3-сон тергов ҳибсхонасида маҳбус М.С. камерада бирга сақланаётган маҳбус У.Ж. билан ўзаро жанжал оқибатида бир-бирларига тан жароҳатини етказишган.
Натижада, маҳбус М.С. олинган жароҳатлар оқибатида кўрсатилган тиббий муолажаларга қарамасдан вафот этган, маҳбус У.Ж. муассасага қарашли касалхонада даволанмоқда.
Ҳолат юзасидан Андижон шаҳар прокуратураси томонидан Ўзбекистон Республикаси ЖКнинг 104-моддаси 3-қисми “д” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.