COVID-19 инфекциясининг илк ўчоғи бўлган Хитой яна пандемиянинг кучли тўлқини билан юзлашмоқда. Бу ерда сайёрамиз аҳолисининг қарийб бешдан бир қисми яшашини инобатга олсак, мамлакатда касалликнинг кенг тарқалиши хавотирли оқибатларни келтириб чиқариши, шубҳасиз.
Шу сабабли Хитой ҳукумати карантин чекловларини кучайтиришга мажбур бўлмоқда. Хусусан, бугундан Шанхай шаҳрида икки йил ичидаги энг йирик кўламдаги “локдаун” эълон қилинди.
Қатъий чекловлар икки босқични ўз ичига олади. Биринчи навбатда шаҳарнинг Пудонг иқтисодий райони ва унга ёндош ҳудудлар душанбадан жумага қадар ёпилади.
Иккинчи босқич чекловлари жума кунидан кучга киради ва Шанхайнинг Ҳуангпу дарёси ғарбидаги марказий қисмида “локдаун” жорий этилади.
Ушбу даврда аҳолининг сабабсиз уйдан чиқиши тақиқланади, аксарият корхона ва ташкилотлар, ресторан ва томошагоҳлар ёпилади, жамоат транспорти ҳаракати тўхтатилади.
Маълумотларга кўра, ҳозир Хитойда тарқалаётган СOVID-19 инфекциясининг катта қисмини “омикрон”нинг янги — BA.2 мутацияси ташкил этмоқда. Бироқ ушбу вариант кўп ҳолларда “яширин” аломатлар билан кечиши туфайли маҳаллий ҳукумат уларни расмий статистик кўрсаткичларга киритмаяпти.
Масалан, якшанба куни Шанхайда ПЗР тестини топширган 3500 нафарга яқин кишида коронавирус инфекцияси қайд этилган. Шундан 50 нафарида СOVID-19нинг яққол аломатлари аниқланган. Касаллик белгилари кузатилмаган ҳолатлар эса тасдиқланган рўйхатга қўшилгани йўқ.
Бутун мамлакат миқёсида олганда ҳам вазият шундай. Яъни якшанба куни Хитойда кунлик касалланишлар сони 1,2 мингга яқинлашган. Бироқ амалда яна 5 мингга яқин кишида симптомсиз инфекциялар қайд этилган.