Нима? Гўшт қиммат? Ойда бир кило ҳам гўшт емаяпмиз?
Нима, нима? Ҳаммасига чорвадорлар айбдор? Молимизнинг устига оъзимизнинг нархимизни ҳам қўйиб сотаяпмиз?
Ҳеҳ,сизлардан. Замон кўтарса-ю, қиммат деб ғулдираган тилларингни суғуриб, олазарак қараган кўзларингни ўйиб олсам. Нима сизга гўшт дарахтда ўсармидики, ўзидан-ўзи мева берса, ё ерга экиб, бир қоп ўғит билан ҳосил олсам.
Гўшт дегани ҳайвонларда бўлади, қўйда бўлади, молда бўлади. Улар тирик жон бўлса, ейман дейди, ичаман дейди. Ё мол-қўйнинг ҳаводан семирганини эшитганмисиз, а лаббай?
Билмасангиз, айтиб қўяй,молнинг вазнини бир кунда 250-300 граммгача ошириш мумкин. Бу учун эса жониворнинг кўзларига мўлтираб қараб туриш кифоя эмас. Бир кунда 4-4,5 килограмм ем, 7-8 килограмм силос, сомон, пича ёки беда керак. Буларни қаердан оламан, менга катта бобомдан ем омбори мерос қолмаган бўлса?!
Емнинг нархи турига қараб, 3 мингдан бошланади, бир боғ беда эса 30 минг. Сомоннинг зичланган боғини 18 минг дейди, барака топкурлар. Агар молингиз жуда таъби нозик, «фигура»сини ўйлайдиган офатижон бўлса ҳам бир кунда камида 17-19 минг сўмлик озуқа берилади. Сиз қиммат, қиммат деётган гўштнинг бугунги кундаги ўртача нархи 70 минг бўлса, 300 грамм гўшт 21 минг бўлади.
Хўш, шунда бир килограм гўштдан 4 минг сўм атрофида пул қолади. Ёз чилласида челаклаб сув ташиганим, қишнинг қаҳратонида тутунга кўмилиб ем қайнатганим, қассобга топшириш, йўлкираз дўкон ижарасиз патта пули ва солиқларни ҳам қўшиб ҳисобласак, менга қанча пул қоляпти?
Анааа, энди ўзингизга келяпсиз. Тўғри, чорва моллари яйловларда боқилса, ҳисоб-китоб бошқача бўлади, албатта. Лекин яйловни қаердан олай? Тилла балиқчам бўлиб, тила тилагингни деса экан, кенг, барра ўтли яйловларни тиласам. Шунда ем-хашакка сарфлайдиган пулим тежалса-ю, ҳар ҳафтада эмас, ҳар кунда гўштли овқат есангиз.
Қаерда дейсиз, бугунги кунда юртимизда яйловлар деярли қолмаган. Уларнинг ўрнини боғлар,буғдойзор ва пахтазорлар эгаллаган. Борини ҳам барака топгур фермерларимиз, ҳокимларимиз енг учида тинчитиб юборишяпти.
Узоқда эмас, бизнинг Нурободда ҳам шу муаммо. Бир порахўр ҳоким фермерларнинг порасини олиб, яйловларни шуларга сотиб юборган. Одамларга чорва боқишига ер йўқ.
Қишлоғимиздаям шу ҳаммом, шу тос. Ҳамма ерни бир фермер 15 миллион бериб, ўзиники қилиб олган. Ярим қишлоқ ўн йиллардан бери сарсон…
Шикоят қилиб борса қўлида ҳужжати бор, ер қонуний уники. Порахўр ҳоким кетди, муаммо эса қолди. Хулллас, қишлоқларда, туманларда шунақа гаплар…
Ана, кўряпсизми, дардимни айтсам, элга достон бўлади. Ҳадеб, гўштинг қиммат деб жиғимга тегаверманг.
Боринг, яхшиси яйловларни пуллаб юбораётган фермерлар-у, ҳокимлар, чорва озуқасини ишлаб чиқариш, биз чорвадорларга етказиб бериш ҳақида ўйламаётган занглаган каллаларга арзи-ҳол қилинг.
Мободо, масала ижобий ҳал бўлиб, додимизга кимдир қулоқ тутадиган бўлса, бир сомсахўрлик қиламиз. Фақат гўштлиси билан эмас, картошкалисидан. Нега десангиз, Рамазон яқин,гўшт қимматлашиб кетяпти.
Шахруза Сатторова