Қани, «бахт гармони»дан бир кило тортинг! Ёхуд «кўп гўшт еяётган» аҳолимизнинг нега умри узаймаяпти?

Узоқ умр кўрувчиларнинг асосий егулиги – гўшт

Японияликпониялик психиатр Хидеки Вада 70 ёшдан ошган одамларнинг таомномаси ўсимликлардан иборатлигини инкор этди. Унинг айтишича, “Кунчиқар юрт”да узоқ умр кўрувчиларнинг асосий егулиги – гўшт.

Япон умргузаронлари гўштни мунтазам истеъмол қилишади. Гўштда “бахт гармони” ишлаб чиқарувчи триптофан аминокислотаси бор: у яхши кайфият бағишлайди, ҳаракатчанликни фаоллаштиради.

Бундан ташқари, гўшт кам истеъмол қиладиган одамлар дуч келадиган биринчи муаммо – бу оқсил етишмаслиги. Ҳақиқат шундаки, ҳайвонларнинг оқсиллари организм мустақил равишда ишлаб чиқара олмайдиган 12 та муҳим аминокислоталарни ўз ичига олади, ўсимлик оқсиллари эса бу ҳусусият йўқ. Яъни, биргина товуқ филесини истеъмол қилиш орқали дарҳол барча 12 аминокислоталарни олиш мумкин.

Бир йилда қанча гўшт истеъмол қилиш зарур?

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсиясига кўра, одам бир йилда ўртача 55 килограмм гўшт истеъмол қилиши зарур. Дунёнинг 177 мамлакатида бир киши йилига ўртача сигир, чўчқа, товуқ, қўзичоқ ва бошқа гўштни қанча истеъмол қилиши таҳлил қилинди. Рейтинг умумий истеъмол қилинган гўшт миқдори бўйича тузилди.

«Гўшт» рейтингининг етакчиси ярим миллионга яқин аҳолиси бўлган жуда кичик мамлакат Люксембург эди. Люксембург аҳолиси йилига камида 136,5 кг гўшт истеъмол қилади, шундан 45,5 кг мол гўшти, 43,8 кг чўчқа гўшти ва 39,8 кг товуқ, 5,8 кг эса бошқа гўшт маҳсулотлари.

Бу рўйхатдаги америкаликлар Люксембургдан 10 кг исстеъмолдан фарқ қилиб, иккинчи ўринни эгаллашди — ҳар йили Қўшма Штатларда 125,4 кг гўшт истеъмол қилинади, бу ерда кўпроқ товуқ гўшти (50,1 кг) афзал кўрилади.

Сиз кўп гўшт еяпсизми?

Ўзбекистонда эса бу кўрсаткич йилига 43,2 килограмм гўшт ва гўшт маҳсулотлари истеъмолини ташкил қилади. Республикада аҳолининг гўшт истеъмоли даражаси ўртача. Тожикисон ва Қирғизистондан кўпроқ. Россия, Қозоғистон, Озарбойжон ва бошқа Болтиқбўйи давлатларига нисбатан камроқ гўшт истеъмол қиламиз.                                                   

Мутахассислар 2025 йилга бориб, Ўзбекистонда аҳоли жон бошига гўшт истеъмоли 0,25 баробарга ошиши ва йилига 54,8 (ҳозирда 41 кг) килограммни ташкил қилиши борасида фикрлар билдиришяпти. Хўш, бу таҳминлар ўзини оқлайдими? Рақамлар тўла қоғозлардан бош кўтариб, ён-атрофга назар солсак, нимани кўрамиз? Ҳозирги кунда одамлар қанча гўшт истеъмол қилаяпти?

Ўтказилган сўровнома натижаларига келсак, оилалар талаб даражаси ва даромад миқдорига қараб гўшт истеъмол қилишади. Мисол учун 4-5 кишилик оилалар ҳафтасига 1-2 килограмм атрофида гўшт истеъмол қилса, баъзилари ундан кўпроқ, айрим оилалар фақат байрам кунлари гўшт еса, ҳатто ойлаб гўшт емайдиган оила аъзолари ҳам бор. Бу эса ўз-ўзидан иқтисодий муаммолар, яъни даромад ва гўшт нархига бориб тақалади…

Талаб бор, аммо таклифчи?

Кейинги йилларда фермерлик ерлари кластер тизимига ўтказилиши натижасида, суғориладиган ер майдонлари атрофида яшовчи аҳолининг чорва боқиш имкониятини мутлоқ йўқотди. Маълумотларга қараганда, сўнгги 15 йилда республикада озуқа ер майдони 429 минг гектардан 340 минг гектарга қисқариб, бир шартли бош чорва молга тўғри келадиган озуқа ер майдони 50 сотихдан 27 сотихгача камайган. Натижада, озуқа ем қимматлашди, таклифдан кўра талаб ортди.

Қолаверса, чорва молларининг наслини сақлаш, боқиш харажатини камайтириб, маҳсулдорликни ошириш бўйича етарли ишлар олиб борилмади. Ҳисоб-китобларда чорва туёқ сони ошса-да, етиштирилаётган маҳсулот ҳажми пастлигича қолаверди. Ҳатто бугунги кунда ҳам наслчилик борасидаги ишларни кўнгилдагидек, деб бўлмайди.

 Мисол учун 2016 йил охирида мамлакатимизда қорамоллар сони — 12 миллион 165 минг, қўй ва эчкилар сони – 19 миллион 565 минг, паррандалар сони – 65 миллион 785 мингни ташкил этган бўлса, 2021 йилга келиб бу кўрсаткич сезиларли ортмаган. Ҳолбуки 2021 йилда юртимиз аҳолиси 2016 йилга нисбатан 545 минг кишига ошган.

2021 йилда  қорамоллар бош сони — 13 млн. 556 минг, қўй ва эчкилар — 23 млн. 74 минг бошни (103 фоиз), парранда — 89 млн. 734 минг бошни (100,2 фоиз)ни ташкил этмоқда.

Янада аниқроқ айтиладиган бўлса, 2020 йил 1 июлъ ҳолатига кўра, Ўзбекистонда аҳоли сонига нисбатан қорамол 36,8 фоизни ташкил этади. Бу эса 1000 аҳоли жон бошига 368 бош қорамол тўғри келади, дегани. Ўзбекистонда саноат йўли билан боқиладиган қорамолларнинг жами 5 фоизини ташкил қилади. Қолган 95 фоизи аҳоли томонидан этиштирилмоқда.

Бир кило мол гўшти ўрнига 60 та тухум олишни афзал билдим

Юқоридан кўриниб турибдики, гўшт маҳсулотларининг асосий қисми аҳоли хонадонлари орқали бозорга чиқади. Бу эса, ўз навбатида, ем-хашак нархлари, об-ҳавонинг ноқулай келиши каби бир қатор табиий омиллар, чорва кредит фоизларининг қимматлиги туфайли бозорда нархларнинг назоратдан чиқишига сабаб бўлади.

Бу эса  маҳсулот нархини бозорнинг ўз қонуниятлари билан эмас, ташқи аралашув билан ушлаб турилишига сабаб бўляпти. Аммо бу кутилган самарани бермаётгани ҳам ҳеч кимга сир эмас.

Ёқса одамларимиз “кеча супермаркетда гўштнинг нархини кўриб, бир кило мол гўшти ўрнига 60 та тухум олишни афзал билдим” деган бўлармиди?

 Тўғри, ҳозир кўпчилик нархни солиштириб, гўшт ёки ўсимлик ёғи ўрнида бошқа маҳсулот олишга интиляпти. Бир парча эт учун фалон сўм пул тўлашга ҳар кимнинг кўзи қиймайдида! Лекин инсон учун, соғлом овқатланиш учун ҳар бир маҳсулотнинг ўз ўрни, аҳамияти бор.

Хуллас, муаммо ва масалалар бир-бирига боғлиқ. Уларни ҳал этиш учун чора-тадбирлар белгиланаётгани, лойиҳалар ишлаб чиқилаётганини ҳам кўряпмиз, эшитяпмиз. Қачонки бу режалар бажарилса, лойиҳалар амалга ошса, озиқ-овқат хавфсизлиги амалда таъминланади, нархи қимматлиги учун бир маҳсулот ўрнига бошқасини харид қилмаймиз.

Шахруза Сатторова