Самарқанд вилояти Паст Дарғом туманида 2021 йилнинг 20 октябрь куни 9 ойлик чақалоқни ўлдирган ўгай отага суд ҳукми ўқилди. Бу ҳақда Олий суд ахборот хизмати хабар қилди.
Қайд этилишича, чақалоқ Б.М. исмли эркакнинг иккинчи турмушдаги аёлининг боласи бўлган.
«Хотиним ишга деб уйдан чиқиб кетди. Кечгача кутдим, келмади. Эртасига ҳам келмади. Асабим чиқиб кетди, бир отиб юбордим (чақалоқни — таҳр.), сўнг яна беланчагига солиб қўйдим», — деган эркак воқеа тафсилотлари ҳақида гапириб.
Суд тиббий экспертиза хулосасига кўра, марҳуманинг танасида кўкрак қафаси чап лунж соҳасида қонталашлар, калла юмшоқ тўқимасида, бош мия пардалари ости тўқимаси ва қоринчаларида қон қуйилиш жароҳатлари аниқланган.
Судда эркакнинг айбига чин дилдан пушаймонлиги, муқаддам судланмагани ва аёлининг ундан даъвоси йўқлиги инобатга олиниб, ҳукм ўқилган. Судланувчи Б.М. Жиноят кодексининг 97-моддаси 2-қисми «в,ж» бандларида (айбдорга аён бўлган ожиз аҳволдаги шахсни ўта шафқатсизлик билан қасддан ўлдириш) назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбдор деб топилган. Унга нисбатан 13 йилга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.