Бухорода фирибгарлик йўли билан одамларни пулини олиб, катта миқдордаги солиқ тўловларини тўлашдан бош тортган фирибгар қўлга олинди. Бу ҳақда Прокуратура департаменти маълум қилди.
Қайд этилишича, Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Бухоро шаҳар бўлими томонидан фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш юзасидан терговга қадар текширув ўтказилган.
Текширув давомида “I.C.” МЧЖ масъул шахслари Ҳамза кўчасидаги 2 қаватли уйни ўзбошимчалик билан бузиб, ушбу уйда истиқомат қилувчи 11 нафар фуқарони алдаб, уларга ушбу уй ўрнида қуриладиган 7 қаватли уйдан хонадон ажратиб беришни ваъда қилиб, жами 563,9 млн сўм нақд пулини фирибгарлик йўли билан қўлга киритиб, ушбу маблағлар ҳисобидан “Spark”, “Malibu” ва “Captiva” русумли автотранспорт воситаларини харид қилиб, жиноий йўл билан топилган даромадларини легаллаштирганлиги, шунингдек МЧЖнинг товар айланмасини камайтириб кўрсатиш орқали 408,7 млн сўм солиқ ва бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаб келганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.