ХАРОБАГА АЙЛАНГАН ОРОМГОҲЛАР

Қизиқ ҳолат: ўтган чорак асрда мамлакатимиз аҳолиси қанчага кўпайди? Болалар-чи? Шу билан бирга, ёш авлоднинг саломатлигида муҳим аҳамиятга эга бўлган соғломлаштириш оромгоҳлари-чи?

Афсуски, таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, ҳолат ачинарли. Ўтган даврда кўплаб, жуда кўплаб оромгоҳлар йўқ бўлиб кетган. Баъзи ҳокимликлар, турли ташкилотлар эса, янги оромгоҳларни қуриш ҳақидаку гапирмай қўя қолайлик, мавжудларини асраб қолиш тўғрисида ҳам жон койитмаган.

Энг қизиғи, оромгоҳлар масаласига ҳукумат даражасида эътибор берилиб, уларни сотиб юбормаслик, уларни ҳар жиҳатдан пухта таъмирлаб, мавсумга тайёрлаш талаб қилинса-да, қуйидаги айрим раҳбарлар бу топшириқлардан «бехабар» қолиб, ҳалигача билганича иш тутишмоқда. Яъни, ҳалигача оромгоҳлар сотиляпти…  

Ҳадемай, яъни июнь ойидан болалар оромгоҳларига қабул бошланади. Хўш, айни кунларда ободонлаштириш, таъмирлаш ишларини якунига етказиш, зарур жиҳозларнинг кам-кўстини тўғрилаш, болажонларнинг ёзги таътилни қизиқарли ва мазмунли ўтказиши учун қай даражада тайёргарлик кўрилмоқда?

Афсуски, бу борада амалга оширилган ишлар, кўрилаётган чора-тадбирларни кўнгилдагидек деб бўлмайди. Бунга ўрганишлар давомида аниқланган ҳолатлар бўйича ёзилган танқидий мақолаларни ўқиб, ўзингиз амин бўласиз.

Таҳририят жамоаси оромгоҳларни ўрганишлар жараёнида аниқланган камчиликлар, муаммолар ҳақида ва шунингдек, келгуси тақдири катта сўроқ остида қолаётган оромгоҳлар масаласига имкон қадар ойдинлик киритиш мақсадида ҳудудлардан туркум мақолалар тайёрламоқда.

Қуйида улардан иккитаси билан танишасиз.

Яъни, «Жеткиншек» болалар оромгоҳи «Қорақалпоқ машинатрактор парки» бирлашмасига қарашли «Тахиатош агротехмаш» ОАЖ балансида бўлган. Навбатдаги мавсумга болаларни қабул қилиш учун тайёргарлик кўриш керак, аммо таъмирталаб аҳволдаги оромгоҳга ташкилот маблағ ажрата олмайди. Шу орада Тахиатош шаҳридан бир тадбиркор оромгоҳга тегишли барча сарф-харажатларни ўз бўйнига олиш ташаббуси билан чиқади, лекин йўлланмаларни ўзи ташкил қилиш шартини қўяди. Бу таклиф ҳокимиятдагиларга ҳам, бирлашма раҳбарларига ҳам маъқул келади.

Кейин тадбиркор таъмирлаш ишларини бошлаб юборади ва оромгоҳ мавсумга шай ҳолатга келади. Кейин… «тадбиркор»нинг қинғир ишлари фош бўлади. У болаларни дам олдиришни эмас, балки миссионерлик фаолиятни амалга ошираётган бўлиб чиқади.

«Жеткиншек» болалар оромгоҳининг фаолияти расман 2007 йилда тўхтатилган. 14,5 гектар ер майдонига эга, 80 ўринга мўлжалланган ушбу оромгоҳ атрофида 5 та болалар ёзги павильони, 5 та корпус, 1 та спорт зали, 1 та ёзги кино театр ва спорт майдончалари ҳамда 1 та фаввора мавжуд бўлган.

 Бир вақтлар гуллаб-яшнаган, минглаб болаларнинг бахтли онларига гувоҳ бўлган оромгоҳ бугун хароб аҳволда. У яқин атрофда яшайдиган аҳоли моллари учун қўрага айланган.

Ҳозирда Нукус шаҳар ҳокимлиги балансида сақланиб келинаётган бу масканга кўз тикканлар ҳам кам эмас. Ҳокимлик вакилларининг таъкидлашича, Ўзбекистон Республикаси Фавқулодда вазиятлар вазирлиги академиясининг бўлими ёки Қорақалпоғистон Республикаси Онкология диспансери бинолари шу жойда қад ростлаши эҳтимоли бор. Балки ЎзФА Қорақалпоғистон бўлимига берилар. Айни пайтда «Деҳқон хўжалигини юритиш учун ер участкаларини ижарага беришнинг маъмурий регламенти»га мувофиқ, «Ҳар бир ёшга бир гектар» лойиҳаси бўйича бандлиги таъминланмаган ёшларга 1 гектардан ажратиб бериш ҳам мўлжалланётган экан.

Аммо, ўзига оҳанрабодек ром қиладиган сўлим гўша учун фақат болалар оромгоҳи ёки санаторий каби лойиҳалар мосдек туюлади.

«Қанийди, бу ерга ҳам Мўйноқдаги «Оқ кема» каби муҳташам болалар оромгоҳи қад ростласа. Қорақалпоғистонда болалар оромгоҳларига талаб катта.

Масалан, ҳудудда 7-14 ёшдаги болалар сони 200 минг атрофида. Бир йилда шуларнинг атиги 5 минг нафаригина дам олдирилади. Бу 2,5 ошиб кетса, 3 фоиз дегани. «Инсон қадри учун» тамойили остида қанчадан-қанча янги ташаббуслар кўтарилмоқда. Биз ҳам болаларимиз келажагини ўйлашимиз керак. Оромгоҳлар ташкил этиш масаласи ҳукумат даражасида кўтарилиши лозим. Масалан, «Жеткиншек» болалар оромгоҳини қайта тикласак, йилнинг барча мавсумида болаларни дам олдириш ва соғломлаштиришни ташкил этиш мумкин»,  дейди Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерацияси Қорақалпоғистон кенгашининг Маданий-маърифий ва спорт ишлари бўлими мудири Гулмурат Тлепов.

Хароб бўлган оромгоҳлар қаторига Нукус шаҳри шимолидаги Аччиқкўл қирғоғидаги «Жулдизша» болалар оромгоҳини ҳам киритиш мумкин. Ажойиб табиат бағрида бўлган оромгоҳдан ҳозирда асар ҳам қолмаган. Фақатгина собиқ иттифоқ даврига оид эсдалик-монументлар «қад ростлаб» турган бўлмаса, бошқа биноларнинг ўринлари текисланиб ташланган, қалин дарахтзордан эса ном-нишон йўқ.

«Жулдизша» оромгоҳи 1954 йилда қурилган бўлиб, 1,4 гектар майдонга эга, 80 ўринга мўлжалланган эди. 2005 йилдан буён фаолияти тўхтатилган оромгоҳда ҳар навбатда 80 нафар бола қабул қилинган. Оромгоҳда 2 та ёзги павильон, 1 та ошхона, 1 та тиббиёт хонаси, 1 та омборхона ва 1 та душ мавжуд бўлган.

Айни пайтда хусусий тадбиркорлик жамияти балансидаги ҳудуд келгусида сув спортини ривожлантириш учун мўлжалланмоқда.

Шунақа гаплар, агар оромгоҳларнинг эски альбомларда сақланган суратларини кўрсангиз, ҳавас қиласиз. Аммо уларнинг ҳозирги кундаги аҳволидан хабар топсангиз, чуқур хўрсиниб қўясиз…

Есимхон ҚАНОАТОВ

(«Ishonch» газетаси, 2022 йил 14 апрель, № 47)