Тафаккур вақти: Қаршимиздаги эшик

Бир тиланчи дарвозаси ҳашаматли, кўринишидан бадавлатлиги сезилиб турган уй остонасига бориб, эҳсон сўради. Уй нақадар дабдабали, эшиги қанчалик қимматбаҳо бўлса-да, ичкаридан тиланчига қўл узатишга ҳам арзимаган бир инъом берилди.

Эртаси куни тиланчи ўша уй қаршисига болта кўтарган ҳолда келди. Дарвозани болта билан чопиб, яроқсиз бир ўтин суратига келтириб қўйди. Бу ҳолни кўрганлар тиланчининг ишидан ажабланиб, нима учун бундай қилганини сўрашди.

— Олдин бу эшикдан кириб чиқадиганлар ёлғон иддао қилишарди. Яъни бу эшикдан чиқиб, қилинадиган муомала дарвозага мос эмас эди. Шунда мен ё дарвоза эҳсонга лойиқ, ёки эҳсон дарвозага мувофиқ бўлиши кераклигини тафаккур қилдим.

Мен бу уйдагиларнинг иддаоси рост бўлиши учун уларга ёрдам бердим. Энди бу уйга келган ҳеч бир тиланчи менга ўхшаб алданиб қолмайдиган бўлди, — деб жавоб берди.

Ҳозир дунёдаги барча инсонлар ойларнинг султони бўлган муборак Рамазони шарифда — Аллоҳнинг раҳмат ва мағфират дарвозалари остонасида турибди.

Бу эшикдан ҳеч ким номурод қайтарилмайди. Фақат чин қалбдан илтижо қилиб сўрашнинг ўзи кифоядир.