Аввалроқ, Қашқадарё вилояти Ғузор туманида маҳалла ёшлар етакчиси лавозимида фаолият кўрсатган 37 ёшли эркак ўзини осиб қўйганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Бош Прократуранинг тақдим этган қўшимча маълумотларига кўра, 13 апрел куни Ғузор тумани, Совбоғ қишлоғида яшаган 1985 йилда туғилган эркак (оилали, 3 нафар фарзанди бор, маҳалла фуқаролар йиғинида ёшлар етакчиси бўлиб ишлаган) қўшнисининг яшамайдиган хонадонида ўзини-ўзи осиб вафот этган.
Текшириш давомида марҳум охирги вақтларда кўп спиртли ичимлик истеъмол қилиши оқибатида руҳиятида ўзгариш бўлганлиги аниқланган.
«Дарё» манбасига кўра, ўз жонига қасд қилишига катта миқдордаги қарздорлиги сабаб бўлган бўлиши мумкинлиги таъкидланган. «У ўша куни уйидан ишга чиқиб кетаётганда хотинига қарзи жудаям кўпайиб кетганини, пул берганлар пулини сўраб тинчлик бермаётганини айтган. Унинг ўлимига катта миқдордаги қарздорлик сабаб бўлган бўлиши ҳам мумкин», — дейди манба.
Марҳумнинг ўлим сабабига аниқлик киритиш мақсадида суд-тиббий экспертизаси тайинланган.
Ҳолат бўйича Ғузор тумани прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракати олиб борилмоқда.