Таниқли сиёсатшунос Камолиддин Роббимов 15 суткага қамалгани айтилмоқда

Бугун ижтимоий тармоқларда таниқли сиёсатшунос Камолиддин Раббимов йўқолиб қолгани ҳақида хабарлар тарқалди. Айтиб ўтилишича, сиёсатшунос куни кеча уйдан чиқиб кетгани бери ҳали-ҳамон дараксиз.

«Бугун жиддий мавзуда «Таҳлил» кўрсатувини суратга олмоқчи эдик, лекин Камолиддин Раббимов келмаганлиги учун қолдирилди. Бундай одатлари йўқлиги учун озгина хавотир ҳам пайдо бўлди. Укалари билан гаплашсак кеча соат 15:00да уйдан чиққанлари бўйича қайтмабдилар. Азон гуруҳи ходимлари ҳам кеча 18:30 ларда охирги марта гаплашишган, шундан бери алоқага чиқмаяптилар», — деб ёзади Аzon.uz мухбири Ғайратхўжа Сайдалиев.

Ижтимоий тармоқ фаолларининг ёзишича, сиёсатчи видеошарҳларидан бирида 1920 йиллар атрофида руслар бир неча минг фаол талабаларни бир жойга тўплаб ёқиб юборгани ҳақида айтиб ўтган.

«Ҳозиргина Камолиддин ака билан боғланишга муваффақ бўлдим. Телефондаги суҳбатимиз қисқа, 5-6 сония давом этди.
Камолиддин акани айтган гапи шундай бўлди: «Панелни»даман, 15 сутка»
Демак айни пайтда Камолиддин Раббимов халқ тилида «панелни» деб аталувчи вақтинча сақлаш ҳибсхонасида қолмоқда», деб ёзди журналист Илёс Сафаров.

Камолиддин Робимов нима сабабдан ҳибсхонада эканлиги очиқланмаган.

Камолиддин Роббимов Ўзбекистонда фуқаролик жамияти шакллантириш муаммолари, диний омил, глобаллашув жараёни ва унинг ўзбек жамиятига таъсири каби йўналишлар атрофида тадқиқотлар олиб боради. У 1977 йилда Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида таваллуд топган. 1999 йилда Ўзбекистон Давлат Жаҳон тиллари Университетини араб, инглиз тиллари мутахассислиги бўйича тамомлаган.