«МИБ ўлган одамдан алимент ўндирмоқчи»

Мажбурий ижро бюро Яккасарой тумани бўлими ўлган отадан алимент ўндириб бермоқчи. Бу ҳақда “Холис фикр” телеграм канали маълум қилди.

“Суҳбатдошимнинг айтишича, бунинг учун унинг номига “Алоқабанк”дан пластик карточка очдирган.

— Кеча почтадан келиб, ўша пластикни ташлаб кетишди, — дейди фуқаро Н.Р. — Аввалига тушунолмадим. Почтадагиларга мен пластик карточка “заказ” қилганим йўқлигимни айтдим. Улар МИБ алимент учун очдиришган, дегандан кейин англадим.

Икки нафар вояга етмаган болани тарбиялаётган Н.Р.нинг турмуш ўртоғи вафот этганига етти йил бўлади.

— Ўтган йили МИБдан телефон қилиб, эрингиз алимент тўлаяптими, деб сўрашди. Уларга турмуш ўртоғим вафот этганини айтдим. Ҳатто ўлим гувоҳномасидан нусха ҳам бердим. Шунга қарамай, номимга пластик карта очдириб, жўнатишганини ҳазм қилолмаяпман. Орадан шунча вақт ўтгандан кейин бу қандай томоша бўлди? Нима бу одамнинг устидан кулишми ёки эски дардини янгилашми, дейди куйиниб Н.Р.

Уинстон Черчиллнинг “Солиқдан фақат ўлиб қутилиш мумкин” деган қанотли гапи бор. Афтидан, алиментдан ўлиб ҳам қутулиб бўлмаскан чоғи…”, дейилади хабарда.