Нурсултон Назарбоевга янги давлат мақоми берилади

Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев расман «мустақил Қозоғистоннинг асосчиси»га айланади. Бу ҳақда «Sputnik» хабар берди.

Қарор мамлакат президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев топшириғига биноан ҳозирда Конституцияга ўзгартиришлар киритиш устида ишлаётган ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинган. Шундан сўнг Назарбоевнинг янги мақоми мамлакатнинг янгиланган Конституциясидан жой олади. Бу ҳақда ишчи гуруҳ аъзоларидан бири, юридик фанлар доктори Ермек Абдрасулов маълум қилган.

«Чунки сиз кўрган мавжуд объектив фактларни бутун дунё кўриб турибди, бу Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилади», —деган Абдрасулов.

Эслатиб ўтамиз, айни дамда мамлакатда «Қозоғистоннинг Биринчи Президенти – Элбоши тўғрисида»ги Конституциявий қонун мавжуд. Ҳужжатда белгиланган таърифларга кўра, Элбоши Қозоғистоннинг янги мустақил давлатининг асосчиси бўлиб, унинг бирлигини, Конституциясини, инсон ва фуқаро ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилишни таъминлайди.