Ҳайит намозларига чиқишнинг одоблари қандай?

ЖАВОБ: Ҳайит намозларига чиқишда ва намоз ўқишда ўзига хос одоблар бор. Улар асосан қуйидагичадир:

1).Агар Рамазоннинг ҳайити бўлса, унда намозга чиқишдан аввал бирор нарса, ширинликлар еб олинади. Чунки, Имом Бухорий ҳазратлари Анас разийаллоҳу анҳудан қилган ривоятларида зикр қилинишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Рамазон ҳайитига хурмо еб чиқар эканлар. Уларни тоқдан ер эканлар. Имом Термизий ва Ибн Можжалар ҳам шу тариқа ривоят қилганлар.

2).Агар Қурбон ҳайити бўлса, ҳеч нарса емай чиқилади ва ҳайит ўқиб келгандан сўнг қурбонлигидан ейди. Зотан, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ана шундай йўл тутар эканлар. Буни тўртта сунанда ва Имом Дорақутний ҳамда Имом Ҳокимлар ривоятида кўриш мумкин. Баъзиларга ўхшаб ҳайит тонги отмасдан саҳарлик қилиб, ҳеч нарса емасдан ҳайитга чиқишга ҳаракат қилиш шарт эмас.

3).Ҳайит намозларига боришда мисвок қилиб ва алоҳида ғусл қилиб олиш керак. Мисвокнинг барча намозлар олдидан қилиниши суннат эканлиги машҳур. Ғусл қилиш борасида эса Пайғамбаримиз ҳайит намозларига алоҳида ғусл қилишлари ривоят қилинган. (Ибн Можжа ривояти).

4).Чиройли, янги, ювилган кийимларини кийиш ҳам мустаҳабдир. Ибн Можжа ривоят қилган ҳадисда, Ибн Аббос разийаллоҳу анҳу эслашича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам икки ҳайитда ҳам йўл-йўл чопон (бурда)ларини кийиб чиққанлар. Бошқа муҳаддислар ҳам буни алоҳида зикр қилган. Ибн Умар разийаллоҳу анҳуга эса Пайғамбаримиз: “Ҳайит учун чиройли кийим сотиб олгин!”, деб буюрганлар.

5).Фитр садақасини адо қилади. Рамазон ҳайитига чиқишидан аввал, агар фитра садақасини бермаган бўлса, уларни адо қилади. Чунки, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам одамлар намозга чиқишидан аввал фитр закотини адо қилишни буюрганлар. Ҳолбуки, ўзлари бир-икки кун аввал уни адо қилган бўлардилар. Буни Имом Бухорий ва Имом Муслимлар Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишган.

6).Йўлда такбир айтиб боради. Имом Дорақутний ривоят қилишича, саҳобийлардан Ибн Умар разийаллоҳу анҳунинг одатлари худди шундай бўлган. Ошкора такбир айтишнинг зарари йўқ. Айниқса, қурбонлик ҳайитида ошкора такбир айтиш ўринли. Баъзи заиф иснодли ҳадиси шарифларда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари ҳам шундай бўлган. Бу нарса рўза ҳайитида ҳам, қурбонлик ҳайитида ҳам жоиздир. Мазҳабимизда қурбон ҳайитига боришда такбир айтиб бориш кўпроқ таъкидланган.

7).Ҳайитга боришда бошқа йўлдан, қайтишда эса бошқа йўлдан келишга ҳаракат қилиш. Чунки, Имом Бухорий ривоят қилишига қараганда, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг одатлари шундай бўлган. Буни Абу Довуд ва Ибн Можжалар Ибн Умар разийаллоҳу анҳудан ривоят қилганлар. Зотан, бошқа-бошқа йўллардан юришда, савобнинг қадамлар ҳисобига кўпайиши, мусулмонларни кўриб-сўрашиш, ҳайитга чиққанига гувоҳларнинг кўпайиши ҳоллари юз беради. Шунингдек, пиёда бориш ҳам ҳайит одобларидандир. Имом Аҳмад ва Имом Бухорийлар Ҳазрати Али каррамаллоҳу важҳаҳудан ривоят қилишларича, “Ҳайитга пиёда чиқишлик суннатдандир”.

8).Намоз ўқиладиган жойда нафл ўқимаслик керак. Чунки, Бухорий ва Муслимлар Ибн Аббос разийаллоҳу анҳудан ривоят қилишларича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳайит намозларига чиққанларида намоздан аввал ҳам, кейин ҳам намоз ўқимасдилар. Ибн Можжа ривоятида эса ул зоти шариф уйларига келганларидан сўнг икки ракъат намоз ўқиб олар эканлар.

9).Қурбон ҳайити куни ҳайит намоз ўқилгандан сўнг қурбонлигини қилиш. Қурбонлик вожиб амал бўлиб, уни ҳайит кунидан сўнг икки кун ҳам бажариш мумкин. Лекин ҳайит куни қилиш афзал. Шунингдек, эътибор берадиган нарса: Рамазон ҳайити куни ҳам қурбонлик сўйишнинг савоби етти юз баробар бўлиши айтилган. (“Рамазон ва тақво”). Бунга аҳамият беришимиз керак!

10).Қурбон ҳайитини имомларимиз тезроқ, эртароқ ўқиб беришлари, Рамазон ҳайитини эса кечиктириброқ ўқишлари мустаҳабдир. Зотан, Имом Шофиъий ривоят қилишича, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Амр ибн Ҳазм разийаллоҳу анҳуга шундай деб мактуб ёздириб юборган эканлар. Бу қурбонликка шошишилиш, улгуриш учун ҳам фойдалидир.


Мазҳабимизнинг уламолари яна баъзи мустаҳаб ва мандуб амалларини зикр қилганлар. Улар бу хилдаги ишларни саҳобаи киромлар ва тобиъини изомларнинг одатларидан олишган. Чунончи, фиқҳий асарларда фақиҳларимиз бомдод намозини ҳар ким ўз маҳалласининг масжидида ўқиб, кейин жомиъга бориши; атирлар ишлатиб, хушбўйланиб бориш; иложи бўлса, пиёда бориш; иложи бўлса, узук тақиб олиш; бир-бировни ҳайит билан муборакбод этиш; уйидаги бутун болалари, қўни-қўшнилар, ёру биродарлар билан жамъланиб бориш каби ишларни қилишга тарғиб қилганлар.

Қурбон ҳайити арафасида бир жойга тўпланиш макруҳдир. Бу фақат Арафот майдонида турган ҳожиларга фарз қилинган. Уларга ўхшаб тўпланиш ортиқча ҳаракат бўлгани учун бидъат, дейилган.