Россия қўшинларининг Беларусь ҳудуди бўйлаб ҳаракатланиши ҳақидаги маълумотларни яшириш мақсадида республика аҳолиси учун интернет хизмати ўчириб қўйилди. Бу ҳақда Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармасига асосланиб ФОКУС маълум қилди.
“1апрелда биринчи марта Беларусь Республикасининг мобил алоқа абонентлари учун интернетга киришни тўлиқ ёки қисман чеклаш қайд этилган. Бир ой давомида Беларуснинг бутун ҳудудларида интернетдан фойдаланиш чекланган эди”, — дея хабар қилган Украина Бош разведка бошқармаси.
Ҳарбий разведка маълумотларига кўра, узилишлар махсус хизматлар томонидан мувофиқлаштирилади. Шундай қилиб, Беларус КГБ ва Россия ФСБ хизмати ижтимоий тармоқларда ҳарбий аҳамиятга эга бўлган маълумотларнинг тарқалишини тўхтатишга ҳаракат қилмоқда.
«Минскнинг жануби ва жануби-шарқидаги айрим ҳудудларда тармоққа киришдаги аномалиялар ҳарбий техникалар ҳаракати учун коридор мавжудлигидан далолат беради, бу бошқа манбалардан олинган маълумотлар билан тасдиқланган», — дея таъкидлаган бошқарма.
Беларусь фаоллари мамлакатда бир нечта телеграм каналлари ишлаши, улар Россия ва Беларусь қўшинларининг мамлакат бўйлаб ҳаракатланиши, шунингдек, Украина объэктларига ракета учирилиши ҳақида тезкор хабар беришини айтиб ўтган. Маълум қилинишича энг машҳур каналлардан бири «Беларусь Гаюн». Унинг муаллифлари Украина Мудофаа вазирлигининг Бош разведка бошқармаси маълумотларини қисман тасдиқлаганлар.
Телеграм канал муаллифлари мамлакатнинг бошқа ҳудудларида интернет тармоғининг ўчирилиши ёки узилишлари ҳақида уларда маълумот йўқлигини таъкидлаган. Улар Интернетни ўчиришдан фойда йўқлигига аминлар, чунки беларуслар «бу ҳақда хабар беришнинг йўлини топадилар». 2020 йилдан бошлаб, оммавий норозиликлар фонида мамлакат хавфсизлик кучлари бундай чораларни қўллашни бошлаган пайтдан бошлаб, Беларусь фаоллари бундай усулларнинг «тўлиқ рўйхатини» ишлаб чиққанлар.
«Гомел вилоятининг турли туманларида вақти-вақти билан содир бўладиган Интернет тезлигининг пасайиши (ўчириш эмас), ҳар доим ҳам мақсадли чекловни англатмайди», деб ҳисоблашади телеграм-канал муаллифлари.
Тўғридан-тўғри киберҳужумлардан ташқари, беларуслик хакерлар “П-Телеграм” мессенжерини хавфсизлик кучлари назарида қолиш хавфи остида бўлган одамлар учун маҳсус версиясини яратганлар. Ушбу версия норозилик суҳбатларини автоматик ўчириш, ҳисобдан чиқиш, кешни тозалашни таъминлайди.
«Киберпартизанлар» шунингдек, Беларусь жанубидаги рус қўшинларининг жойлашуви ва ҳаракатлари ҳақида хабар бериши мумкин бўлган чат ботини ишга туширган.