Андижонда ҳоким ёрдамчиси ўз хонадонида осилган ҳолда топилди

Андижон вилояти Марҳамат туманида собиқ ҳоким ёрдамчиси ўз хонадонининг молхонасида осилган ҳолда топилгани бўйича хабарлар тарқалди. Ogoh.uz ҳолатга ойдинлик киритиш мақсадида Бош прокуратура матбуот котиби раҳбари Ҳаёт Шамсуддинов билан боғланди.

«Марҳамат туман прокуратураси томонидан 16 апрель куни соат 16:15 да 1984 йилда туғилган Марҳамат тумани Шўрқақир МФЙ Давлатобод кўчасида яшаган М. Ф.нинг яшаш хонадонидаги молхонанинг тўсинига арқондан сиртмоқ ясаб, унга ўзини-ўзи осиб вафот этгани ҳолати юзасидан терговга қадар текширув олиб борилмоқда», — дея таъкидлади Шамсутдинов биз билан суҳбатда.

Маълум қилинишича, текширув давомида фуқаро М.Ф.га нисбатан бирон шахс томонидан муттасил равишда тазйиқ ўтказиш, ҳақорат қилиш ва бошқа ноқонуний ҳаракатлар содир этилмаганлиги маълум бўлган. Шунингдек, суд-тиббий экспертизасининг 2022 йил 5 майдаги 171-сонли хулосасида М.Ф.нинг ўлимига осилиши туфайли бўйин соҳаси аъзоларини сиртмоқ билан қисилиши натижасида келиб чиққан механик асфиксия, бўйин соҳасидаги кенг, очиқ странгуляцион эгат мавжудлиги, бўйин юмшоқ тўқималарига қон қуйилиши, ўпкани вицерал плевра варақлари ва юракни эпикард остига қон қуйилишлари (Тардъе доғлари), ўткир ҳолда юрак қон томир ва нафас етишмовчилиги сабаб бўлганлиги кўрсатилган.

Марҳум 2022 йил 11 январдан 2022 йил 1 апрельга қадарли Полвонтош МФЙнинг тадбиркорликни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва камбағалликни қисқартириш масалалари бўйича ҳоким ёрдамчиси лавозимида ишлаган.

Ҳолат юзасидан бир қатор фуқаролар дан тушунтириш хатлари олинган. Ҳозирда туман прокуратураси томонидан терговга қадар текширув давом эттирилмоқда. Натижаси ҳақида қўшимча равишда ахборот тақдим этилиши таъминланади.