Лондон сабоқлари: садоқат бу — қасамёд эмас!

(иккинчи мақола)

Садоқат тушунчасини, қасамёд тушунчасига менгзаб бўлмайди. Улар тамомила айро-айро тушунчалардир. Масалан қасамёд қилаётганингда қасам ичасан. Ҳа, некбин ва тик туриб қасам ичасан. Шунчаки эмас, зиммангга юкланаётган илғор масъулият, талаб, бурчларни-ю шартларни виждонан бажаришга қаътий бир алпозда онт ичасан.

Эҳ-ҳе, бу рангин дунё яралганидан буён не-не қасамхўрлар томонидан, қанчадан қанча қасамлар ичиб юборилган. Шунчаки шаклан эмас, расман ичиб юборилган. Дунёни титратган саркардарлару императорлар ҳам ўз амбициялари, манфаатлари учун киприк ҳам қоқмай қасам ичиб юборишган.

Ҳатто қуръонни ушлаб қасам ичиб юборганлари ҳам кўп…

Бугунги модерн дунё эса янаям сурбетлашди. Жаҳолатга юз бурди. Қасам тушунчаси — нисбий тушунчага айланиб қолди. Оқибатда жуда кўп жамиятлар психологияси бузилиб кетяпти. Муттассил озорлару ҳақсизликлар, ҳуқуқсизликлару тенгсизликлар фонида норизоликлару хаослар юз беряпти. Ёлғон қасам билан ҳокимиятларни эгаллаб олган, боз устига давлатни непотизмга айлантириб, ғирт саводсиз уруғ-аймоқларига катта-катта амалларни инъом қилиб юбораётган, халқни эса юзсизларча талаётган лидерларга бўлган ишонч тушунчаси эса кун сайин сўниб боряпти.

Суверен ва мустақил Украинада ҳамон содир бўлаётган хунрезликлар, бегуноҳ одамлару ёш гўдакларнинг тўкилаётган қони нафақат дунё жамоатчилигини, балки Яратганнинг ҳам қаҳрини келтирмоқда. Путин агрессияси, яралганидан буён диктатура ва авторитаризмга асосланган империализмдан неоимпериализм сари вишиллаётган, бир жойда депсиниб чиранаётган жирканч тузумнинг ҳалокатли интиҳосига ҳам оз қолди. Ҳақ эса, ҳақиқат бор жойда, ҳақиқат томонда эканлиги тобора аён бўлиб боряпти.

Бугун мен кўраётган ва завқ олаётган Лондон кўчалари-ю ҳиёбонларида, черковлару ҳукумат бинолари тепасида Украина байроғи ҳилпираб турибди. Бу муносабат замирида буюк инсонийлик фазилатлари ётибди, ахир. Умумият-ла, «Чириган ғарб», — дея таъриф бераётган биздаги айрим қулфикр мутаассиблар таъбиридаги ғарб, Ҳақ томонда, яъни, ҳақиқат томонда эканлиги аниқ ва тиниқ намоён бўлмоқдв.

Шунақа гаплар, биродар!

Ҳар икки гапининг бирида садоқатдан, адолатдан, ҳалолликдан гапирадиган одамнинг ўзи аввало тоза бўлиши лозим. Яъни, мусичадай беозор, булоқ сувларидай шаффоф бўлмоғи керак. Аммо садоқат учун қасам ҳам, онт ҳам ичиб бўлмайди. Агар кимдир садоқатга, қасамёдни қориштирса, билингки, бу садоқат эмас, ҳиёнатдир. Садоқатга ҳиёнатдир! Чунки садоқат учун шарт ҳам, талаб ҳам қўйилмайди-да.

Хуллас, садоқат бу — ҳодисадир! У ато этилади ва бир умр вужудда яшайди.

Тамом!

Суратдаги мана бу кўзойнакли йигит — Маъруфжон исмли тутинган укам. Қиёматли укам, десам ҳам бўлаверади. Ажойиб йигит. Булунғурлик. Олий маълумотли педогог. Тақдир ва йиллар синовлари билан Лондонга ўқишга келган. Шу ерда ишлайди ва жуда кўп дўстлари бор.

Садоқатга қасамёд қилинмаслигини, садоқатнинг қуйма бир ҳодиса эканлигини, унинг камдан-кам одамларга ато этилишини яна бир карра мана шу йигит тимсолида аниқ ва тиниқ кўрдим.

Хуллас, бор бўл, оқибат.

Омон бўл, Маъруфбой!

Умид СОРИЕВ,
журналист.

Биринчи мақола қуйидаги ҳаволада