29 апрел куни Учтепа туманида жойлашган Ўзбекистон давлат жаҳон тиллари университетининг 4 қаватидан 2 курс босқичи талбаси ўзини пастга ташлаб, ўз жонига қасд қилган. Наманганлик, 20 ёшли ўсмир…
Бир умр сўнди, бир она зор қақшади, бир ота унсиз кўзёш тўкди. Бу йигитни шу ишга мажбур қилган сабаб наҳотки умр деб аталган буюк омонатга хиёнат қилишгача олиб борган бўлса?
Қашқадарё вилояти Нишон туманида 17 ёшли мактаб ўқувчиси ўз жонига қасд қилди, Қаршидаги техникумда 4 қаватдан ўзини ташлаган талаба, поезд тагига ўзини улоқтирган йигит, ўзини пичоқлаган ҳомиладор келинчак.
Ижтимоий тармоқларда кунда — кун ора тарқалаётган бундай совуқ хабарларни ўқиш, эшитиш билан вужудингиз музлайди. Динсизлик, маърифацизлик, тўқчилик,йўқчилик,шаҳвоний, нафсоний севги, ўз жонига қасд қилишни муаммонинг ечими сифатида кўриш, руҳий хасталикларданми, билолмай оғир ўйлар исканжасида қоласиз. Ҳали “она сути оғзидан кетмаган“ бир новниҳол ўғил ёки қизнинг ўз бўйнини сиртмоққа тортаётган мудҳиш ҳолатини кўз олдимизга келтиришнинг ўзи қанчалик фожиа ва табиийки, қалбимизда ўз-ўзидан ҳаётнинг аччиқ-чучугини тотиб улгурмаган ўспиринни ҳаётдан тўйдирган нима, деган савол туғилади.
Ўз жонига қасд қилиш азалдан ҳар қандай жамиятда юз бериб келаётган воқелик. Аммо илгари асосан катта ёшлилар орасида учрайдиган бу ҳолат, кейинги пайтларда тобора “ёшариб” бораётгани кишини ташвишга солади.Минг афсуски, сўнгги пайтларда “ўсмир” ва “суицид” сўзлари бирга юрадиган жуфтликка айланиб боряпти.
Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, ҳар йили дунёда 800 минг киши ўз жонига қасд қилади — бу ҳар 40 сонияда битта ҳолат дегани. Деярли 80% ҳолатлар даромад даражаси кам ва ўртача бўлган мамлакатларга тўғри келади.
Таъкидланишича, суиқасднинг энг юқори кўрсаткичлари сўнгги йилларда ривожланган мамлакатларда қайд этилмоқда. Масалан, ҳар 100 минг кишига — Литвада 68,1 та ҳолат, Беларусда 63, Россияда 58, АҚШда 52, Шри Ланкада 44, Украинада 40 та ҳолат тўғри келади.
Ўзбекистон эса ўз жонига қасд қилиш кўрсаткичи бўйича жаҳонда 104-ўринда туради, аниқроқ қилиб айтганда, ҳар 100 минг кишидан 9таси бу ишга қўл уради. Шунингдек, бундай хатти-ҳаракат асосан 15-29 ёш оралиғидаги авлод вакилларида кузатилиши қайд этилган. Ўсмирлар орасида ўлимларнинг учинчи энг катта сабабчиси ўз жонига қасд қилишдир. Бу нима ўзи? Ўз-ўзини жазолашми ёки ожизликми?
Суицид бу ўз жонига қасд қилиш бўлиб, бунга кучли эмоционал зўриқишлар сабаб бўлади, — дейди псхолог Дилфуза Сатторова . Инсон реал ҳаётдан кутаётган умидларини амалга ошмаслиги натижасида кучли эмоционал синиш яъни стресс ёки апатия, ҳолатига тушиб қолади. Бундан чиқиб кетиш йўлини топа олмаслик, майда-чуйда икир-чикирларни ҳам қабул қилолмайдиган ожизлик натижасида ҳаётига нуқта қўяди.Ёшлардаги суицидлар ,асосан, ўсмирлик ва ўспиринлик даврларига тўғри келади. Бу ёш даврларида улар учун етакчи фикр ва инсон эгалари уларнинг тенқурлари ва бир икки ёш қатта болалар бўлиб, уларга тақлид қилиш ва суҳбатлашиш илинжида бўлишади. Бу даврларга хос хусусиятлардан энг асосийси бу ҳиссиёт бўлиб, айнан шу даврда дўстлик, севги, муҳаббат жўш уради. Оддийгина дўстликдан воз кечиши ёки бошқани севиши натижасида ҳам суицид юзага келиши мумкин. Ўсмирлик даврида болаларда гормонал ўзгаришлар жадаллашган давр бўлиб, овоз ва танада билинарли ўзгаришлар вужудга келади. Бу ҳолатнинг ёқимсизлиги ҳам эмоционал зўриқишларга олиб келади.
Ўйлаб қоласан, киши ўз жонига ихтиёрий тарзда қасд қилиш жамиятга, ахлоққа, Аллоҳга қарши қаратилган жиноят, деб баҳоланиши керакми ёки бу унинг яшаш ҳуқуқига ўхшаш ҳуқуқларидан бири бўлиб, инсон ундан ўзи истаганча фойдаланиши мумкинми? Айни пайтда турли халқларнинг ўзига ўзи бундай ҳукм чиқаришига қарши қўллайдиган қонуний жазо чоралари ҳам бор.
Масалан, Ҳиндистонда ўзини ўлдиришга уринган шахс бир йил озодликдан маҳрум қилинади ёки жаримага тортилади. Сингапурда ҳам худди шу сабаб туфайли бир йил қамоқ жазоси берилади.
Мамлакатимизда эса ўзини ўлдиришга ундаш, яъни кўндириш, алдаш ёки бошқа йўл билан ўзга шахсда шу ҳисни уйғотган кишига нисбатан жазо белгиланган. Бу Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 103-моддасида қайд этилган бўлиб, бундай шахслар икки йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Муқаддас динимиз Исломда ҳам хоҳ ўзини, хоҳ бировни ҳаётидан маҳрум қилсин, гуноҳи бир хилдир. Чунки оятда бир кишини ноҳақ ўлдирган одам кўпчиликни ўлдирган, бир кишига ҳаёт бахш этган киши эса бутун инсониятга шуни раво кўрган билан тенглаштирилади. Муқаддас Қуръони каримнинг Анъом сураси 151-оятида шундай дейилади: “Аллоҳ тақиқлаган жонни ноҳақ қатл қилмангиз”.Бундан келиб чиқадики, Яратганнинг ўлчаб берган умрига хиёнат, қасд қилиши энг катта гуноҳдир.
Шаxруза САТТОРОВА