Тафаккур вақти: ИЛМ ЙЎЛИДАГИ НАФАҚА

  Муҳаммад ибн Жарир шундай ҳикоя қилди: “Биз бир жамоа бўлиб илм излаб Мадина шаҳрига бордик ва у ерда таҳсил билан машғул бўлдик.

Пулимиз тугаб, уйга қайтмоқчи бўлдик. Шунда бир яҳудий ҳар биримизга уч дирҳамдан пул берди. Қирқ марта шундай қилди. Биз: «Нега бундай қилаяпсиз?», дея сўрадик. У бизга: «Тавротда Менинг йўлимда нафақанинг афзали илм ўрганувчиларга берилган нафақадир, дейилганини ўқиган эдим. Сизларга ўхшаб илм излаётган биронта яҳудийни кўрмадим», деди.

  Биз у билан хайрлашиб, ҳажга йўл олдик. Бир куни яхшилик қилган яҳудийни Каъба атрофида кўриб қолдик. Биз ундан нима қилиб юрганини сўрадик.
У:

«Набий алайҳиссаломни тушимда кўрдим, у киши менга Аллоҳ таоло сени илм аҳлига қилган нафақанг туфайли ислом билан икром қилди, дедилар. Бас, у зотнинг ҳузурида исломни қабул қилдим.

Бу вақт уйимда ўн етти жон бор эди, уларнинг ҳар бири мен туш кўрганимдек туш кўрибди. Улар ҳам исломни қабул қилишди», деди.