Ижтимоий тармоқларда Тошкент вилоятида бир кунда икки киши поезд уриб кетишидан вафот этганлиги ҳақида хабар эълон қилинган.
Аниқланишича, 2022 йил 7 июнь куни соат 06:30да “Термиз-Тошкент–Андижон” йўналишидаги йўловчи поезди “Жалоир-Кучлук” темир йўл бекатлари оралиғи 24 км 8 тўсиқда Ўртачирчиқ тумани тиббиёт бирлашмасида рўйхатда турувчи, 1-гуруҳ ногирони (қулоғида нуқсони бор) Ўртачирчиқ туманида яшаган, 14.07.1995 й.т. С.С. эркак кишини уриб юборган.
Фуқаро С.С. ўз эҳтиётсизлиги ҳамда олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Бундан ташқари, шу куни соат 09:50да “Боз-су-Чирчиқ” йўналиши бўйича ҳаракатланиб кетаётган электровоз “Боз-су-Чирчиқ” темир йўл бекатлари оралиғи 31-км, 3-тўсиқда ҳаракатланиб кетаётган вақтида пиёдалар ўтиш жойидан Тошкент вилояти Чирчиқ шаҳарда жойлашган нонвойхонада ишчи бўлиб ишлаган, Чирчиқ шаҳрида жойлашган дўконларга нон олиб бориб бериш мақсадида велосипед ҳайдаб, қўл телефонидан фойдаланиб ўтиб кетаётган 16.10.2002 й.т, Р. Ў. эркак кишини уриб юборган.
Фуқаро Р.Ў. ўз эҳтиётсизлиги ҳамда олган тан жароҳатлари оқибатида воқеа жойида вафот этган.
Ҳозирги вақтда юқорида қайд қилинган ҳолатлар юзасидан Тошкент транспорт прокуратураси томонидан терговга қадар текширув ҳаракатлари олиб борилмоқда.