Жамбул вилоятида ўзбекистонликларни олиб кетаётган йўловчи автобус ЙТҲга учраб, ёниб кетди

Қозоғистоннинг Жамбул вилояти Жамбул туманида Ўзбекистон фуқаролари бўлган автобус ЙТҲга учради. Бу ҳақда Ўзбекистон ФВВ Матбуот хизмати Қозоғистон ФВВ таяниб, хабар берди.

 Маълум қилиншича, бугун, 15 июнь куни Қозоғистон вақти билан соат 03:10 да Жамбул вилояти Жамбул туманидан ўтувчи “Алмата-Тошкент” автомобиль йўлининг 545 км.да “Қизил тан” қишлоғидан 7 км узоқликда трикотаж маҳсулотлари ортилган юк машинасининг ёниши оқибатида, автомобиль йўлида тирбандлик юзага келган.Натижада, соат 03:40 ларда “Алмата-Тошкент” йўналишида ҳаракатланаётган юк машинаси 2 та йўловчи ташиш автобуси ва 1 та енгил автомобиль билан тўқнашув содир этган.

Тўқнашув оқибатида ушбу автотранспорт воситаларида ёнғин келиб чиққан.

Ёнғин содир бўлган автобусларнинг бирида 31 нафар Ўзбекистон фуқаролари бўлган ва улардан 3 нафари ўрта даражада тан жароҳати билан Тараз шаҳар тиббиёт масканига олиб борилган.

Шунингдек, TURAN PRESS нашрининг ёзишича, ЙТҲ оқибатида бир нафар фуқаро вафот этган. 11 киши шифохонага олиб кетилган. Ҳалок бўлган шахс қайси давлат фуқароси экани ҳақида маълумот ҳозирча берилмаган. Ҳозирда жароҳатланган фуқароларга малакали тиббий ёрдам кўрсатилмоқда.