“Қанийди компютер бўлиб қолсам”

Жамиятимизда энг муҳим муаммолардан бири — фарзанд тарбиялаш. Кўп ҳолларда ёшларнинг омма олдида фикр айтолмаслиги, агрессив ҳолатда юришини кўрамиз. Хўш, бунга сабаб нима?

Бееътиборлик — болалигидан ота-она фарзандининг фикрини инобатга олмаса, саволларга жавоб бермаса, уни тингламаса, улғайганида тўғри фикрини баён этолмайди, омма олдида довдираб қолади. Кўпчилик ота-оналар фарзандимни молиявий тарафдан таъминласам бўлди деб ўйлайди. Ҳаётини ишга боғишлайдилар. Уйда иш, кўчада иш ,телефонда ҳам иш юзасидан гаплашадилар, хуллас, иш, иш ва яна иш. Фарзанд эса буёқда уларнинг эътиборларини тортиш учун шўхлик қилади, расм чизади, эътибор берилмагач, «қанийди онамнинг ёки дадамнинг телефони, компютер, иш столига айланиб қолсам, шунда улар доим менинг ёнимда бўлардилар ,фақат менга қараб ўтирардилар «,- деб орзу қилади. Тўғри ота-она ҳам фарзандларининг келажаги учун ишлайди, аммо ишдан ортиб, оила даврасида бирга вақт ўтказсалар мақсадга мувофиқ бўлади.

Агрессив ҳолатга тушурувчи сабаблардан яна бири фарзандлар олдида зиддиятга бориши. Бу каби тортишувлар, молиявий муаммолар ҳақидаги суҳбатлар болаларнинг писихалогиясига қаттиқ таъсир этади.

Психологлар айтишича фарзандларга ҳаддан ташқари эътибор бериш ҳам , уларнинг ўз шахсий фикрларини бўлмаслигига олиб келади. Ўзлари учун ҳаракат ҳам қилишмайди, чунки биладики,муаммоларини ҳал қиладиган одам бор.

Касб танлаш жуда муҳим

Касб танлашда ёшларга эркинлик бериш лозим. Кузатувларга асосланиб айтиш мумкинки ,ота-она ўзи эришолмаган касбда фарзандини кўради. Масалан, она шифокор бўла олмаган, аммо қизи шу соҳани эгаллашини хоҳлайди. Ваҳоланки фарзанд санъатга, ўқитувчиликка ёки тикувчиликка қизиқади. Иcтамаган соҳада ўқиш, ишлаш эса ўзининг ва бошқаларнинг келажагига салбий таъсир кўрсатади. Касбини севмаса, масъулят билан ёндашмайди ,ютуқларга эришмайди .оммадан узоқлашишга ва тушкунликка тушишга сабаб бўлади.

Оила ва болалар писихологи Шоира Исакова айтишича: «Фарзанд тарбияси жуда мураккаб. Уларни қаттиқ назоратга олиш ҳам, мустақил қўйиш ҳам мумкин эмас». Фарзандингиз хато гапирса, дарров инкор этмаслик лозим. 3 -5 ёш оралиғидаги болаларга эртак, ҳикоя тарзида тушунтириб, унинг гапи нотўғрилигини уқтириш мумкин. Ўсмир ёшдаги болаларга эса ўзингизни мисол қилиб , у билан дўстона гаплашсангиз мақсадга мувофиқ бўлади .

Писихолог ота-оналар учун қуйидагиларга амал қилиш кераклигини таъкидлайди:

Фарзандларингиз олдида бир -бирингизни таҳқирламанг чунки фарзанд олдида обрўйингиз тушади;

Молиявий муоммлар ҳақида гаплашманг ,ўзини ортиқчадек ҳис қилмасин;

Дўсти, ака-ука ,опа-сингилиси олдида танқид қилманг. Ёлғиз қолганда хатоларини ётиғи билан тушунтиринг , акс ҳолда ўзига бўлган ишонч пасаяди;

Иложи борича саволларига жавоб беринг, улар сиз билан дунёни танийди!

Сарвиноз Иминжонова,

ЎзДЖТУ талабаси