Инсон борки, нафс бор, инсон борки, хатоларга йўл қўяди. Айнан мана шу нафс, манфаат туфайли ноҳақдан ноҳақ, адолатсиз ҳукмлар инсонларнинг азият чекишига сабабчи бўлади.
Коррупция жамиятдаги иқтисодий, сиёсий ва ижтимоий муаммолар натижасида турлича йўналишда содир этилади. Давлат мансабидан, лавозими ваколатларидан фойдаланиб, турли совға-ю ҳадялар олишга ружу қўйиш, асосан, ислоҳотлар пайтида авж олади. Нега? Чунки, давлат томонидан турли соҳаларни ривожлантириш, уларни жаҳон стандартларига жавоб берадиган даражада ташкил этиш кабиларга ҳар йили буджетдан маблағлар тегишли идора-ю ташкилотларга етказиб берилади. Мана шундай вазиятда баъзи ўз вазифаси, бурчи ва мажбуриятларини тўла англаб етмаган, зиммасига юклатилган вазифани бажариш масъулиятини ҳис этмаган “адолатли” мансабдорлар ўз манфаатлари учун “жиноят”га қўл уришади.
Статистиканинг гувоҳлик беришича, порахўрлик айни пайтга келиб, ниҳоятда таҳдидли ва кенг кўлам касб этмоқда. Мисол тариқасида, «Қашқадарё вилоятида фуқаро С.Д бошқа бир фуқаролар А.Қ ва Г.ни ҳар бирини 2100 АҚШ долларлари эвазига танишлари ёрдамида Қарши минтақавий термир йўл узелигига пора эвазига ишга киритиб қўйишни ваъда қилиб, жами 6 300 АҚШ доллари ҳисобидан 69 млн сўмни ўзининг банк пластик картасига ўтказиб олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди «.
Кўриниб турибдики, порахўрлик иқтисодий жиноятлар орасида етакчи ўрин тутади. Унинг инсонларга ва умуман, жамиятга етказадиган зарари катталигини қуйидагиларда кўришимиз мумкин.
Коррупция, аввало, давлат маблағлари ва ресурсларини самарасиз сарфланишига сабаб бўлади. Яъни, мансабдорлар давлат мулкини ноқонуний ўзлаштирадилар. Коррупциянинг авж олиши мамлакатда тадбиркорларнинг синишига, малакали кадрларнинг чет элларга чиқиб кетишига сабаб бўлади.
Коррупция нафақат иқтисодий ёки ижтимоий муҳитда, балки таълим тизимига ҳам ўз таъсирини ўтказмай қолмайди. Билимли, зеҳнли ёшларнинг олий ўқув юртларига кира олмаганликлари, малакали кадрларнинг давлат ташкилотларига бўш иш ўрни бўла туриб, ишга жойлаша олмаганликлари бунга ёрқин мисол.
Коррупция оқибатида ишлаб чиқариш учун ажратилаётган инвестициялар камайиб, иқтисодий ўсиш тўхтайди. Ривожланаётган мамлакатларда коррупциянинг салбий таъсири сабабли берилаётган халқаро ёрдамлардан мақсадсиз фойдаланиш, ижтимоий тенгсизликнинг ўсиши кузатилади. Бу эса жамиятда табақаланишни юзага келтириши турган гап.
Инсон ўз ҳаёти давомида эртами-кеч ноҳақликка, адолатсизликка дуч келади. Пухта билимга эга ўқувчининг институтга кира олмаслиги, судянинг пора эвазига гуноҳкорни оқлаб, бегуноҳни қоралаши кабилар кўп учраб турадиган ҳодисалар. Мана шундай коррупцион ҳолатларга дуч келганда бефарқлик қилмасдан, давлат ташкилотларига хабар бериш-давлат ва жамият ҳаётига эътиборли бўлган фуқаронинг бурчидир. Бу иллат туфайли ривожланаётган мамлакатлар ичдан емирилади. Чунки, давлат ислоҳотлар ўтказиб қанча юксалса, ўзини емираётган зарарли иллатлар оқибатида шунча чўкади.
Ҳозирги кунда энг кўп учраётган коррупцион ҳолатлардан бирига эътиборимизни қаратсак. Талабанинг фандан яхши баҳо олиши учун ўқитувчига пора бериши. Бу ҳолга ўзимиз ҳам гувоҳ бўлганимизни яширмаймиз. Яхши ўқийдиган талаба якуний назоратлардан паст балл ёки намунали баҳони эмас, қониқарли баҳо олганини-ю, йил мобайнида ўқимаган “билимли” талабани якуний назоратлардан энг юқори балл тўплаганига ҳар биримиз гувоҳмиз. Олий маълумотли, маданият-у маънавиятдан хабардор бўлган ўқитувчининг бундай йўл тутишига асосий сабаб-илмсизлик, ўқиганни уқмаслик, нима тўгри, нима нотўгри эканини билмаслик, қўпол қилиб айтганда “нафсининг қули” эканлиги сабаб эмасми? Агар ҳар бир инсон ўқиганини уқса, кўнглида сал болса-да ўзи тугилиб ўсган Ватанга муҳаббат ҳиссу уйгониб, шу миллатга наф келтириш маслаги билан яшаса эди, бундай кўнгилсиз ҳоллар кузатилмасди. Лекин “гуруч курмаксиз бўлмайди”.
Коррупциянинг юзага келиши ва авж олишига асосий сабаблардан бирини айнан илмсизлик, десак муболаға бўлмайди. Чунки ҳозирги ХХИ аср ахборот-технологиялар асрида китоб ўрнига қўлга олинаётган техникалардан ижобий мақсадларда камдан-кам ҳолларда фойдаланиляпти. Ёшларимиз, умуман олганда бугунги кун одамлари айнан китобни кам қўлга олганликлари (ҳатто қўлга олмаётганлари) сабабли келажак бунёдкорлари илмсиз ва маънавий қашшоқ ҳолда тарбияланишяпти .Ўз ҳақ-ҳуқуқларини билмаган, нима мумкин-у, нима мумкин эмаслигини фарқлай олмайдиган, тўгри билан нотўғрини ажратолмайдиган фуқародан эса ҳар қандай жиноятни кутиш мумкин, шунингдек, коррупцияни ҳам. Ҳалол билан ҳаромни фарқига борадиган инсон, пора берган ҳам, пора олган ҳам бирдек гуноҳкор ва жавобгар эканлигини англаган ҳолда ҳар қадамини ўйлаб босса, ҳар нафасида шу муқаддас юртда яшаётганига шукрона келтириб, Ватани учун фойда келтиришни ният қилиб яшаса, ўйлаймизки, жамиятимиз ва давлатимиз яхши томонга тубдан ўзгаради.
Коррупция — ҳалокатга йўл, тараққиёт ва жамият кушандаси. Ҳар биримиз ўзимизнинг фуқаролик бурч ва мажбуриятларимизга масъулият билан ёндашиб, жамият ҳаётига, давлатимиз келажагига бефарқ бўлмасдан, коррупцияни йўқ қилиш учун, коррупцион ҳолатларга чек қўйиш ва у олиб келадиган нохуш вазиятларни бартараф этиш учун коррупцияга қарши биргаликда курашишимиз керак.
Зарнигор Эшпўлатова,
ЎзДЖТУ талабаси