Бугунги кунда барчанинг севимли таомига айланиб бораётган “фаст фоод”лар биз ўйлаганчалик фойдалими? Тез пишар таомлар организмимизни керакли моддалар билан тўйинтира оладими?
“Фаст фоод”лар мазали ва тез тайёр бўладиган, шу билан бирга ёғ ва тузга бой, секин ҳазм бўладиган таомдир. Дарс ёки ишга шошиб кетаётганда вақтни тежаш мақсадида “ фаст фоод”ларни танаввул қилиб кетиш барчага маъқул. Бироқ тез пишар таомлар кўплаб зарарли моддалардан иборат. Бунга аниқлик киритиш мақсадида шифокорларнинг фикрларига ҳам юзланиб ўтайлик.Малакали шифокор, гастролог Гулнора Тошбоеванинг тез пишар таомлар ҳақидаги фикрлари:
— Тезпишар овқатлар таркибига асосан холестерин, углевод, туз, шакар, ёғ ҳамда таъм ва ранг берувчи кимёвий бирикмалар бор. Ушбу моддалар эса қандли диабет, гастрит, ортиқча вазн ҳамда юрак касалликларининг келиб чиқишига асосий сабаб бўлади.
— “Фаст фоод”ларнинг тайёрланиш жараёнига аҳамият берадиган бўлсак, кўпинча гўшт маҳсулотлари маромига етказиб пиширилмайди. Ошқозон эса уни ҳазм қилишга қийналади. Унда оғриқ пайдо бўлади ва ошқозон девори зарарланади. Бундай маҳсулотлар таркибида керагидан ортиқ холестерин ва углевод бўлганлиги учун танада ортиқча вазн тўпланишига олиб келади. Бора-бора ёғ юрак атрофини қоплайди ва унинг касалланишига олиб келади.Ортиқча вазн орқасидан юрак, қон томирлар азият чекиб, қон босими кўтарилишига сабаб бўлади. Шунча касалликлар билан бир қаторда тез пишар таомларни кўп истеъмол қилиш бепуштликка ҳам олиб келади.
Дунё шифокорлари ҳам “фаст фоод”ларни кўп истеъмол қилишни маъқулламайди.Британия пойтахтидаги «Руҳий саломатлик жамғармаси» мутахассислари ўтказган тадқиқотларга кўра, гамбургер, чипс, хот-дог каби “фаст фоод”лар билан нотўғри овқатланиш оқибатида кишиларнинг тушкунлик (депрессия), семириб кетиш, ақлдан озиш, алтсгеймер хасталиги каби руҳий касалликларга чалиниши, болалардаги гиперфаоллик синдроми эҳтимоли кескин кучаяр экан. Алтсгеймер ва ақлдан озиш ҳасталикларига эса кўп жиҳатдан ҳайвонларнинг зарарли ёғи ва шакарни меъёрдан ортиқ истеъмол қилиш ҳам сабаб бўлади. “Фаст фоод” маҳсулотларида эса бу нарсалар етарлича бор.
Мухлиса Орифова , ЎзДЖТУ талабаси