Айни пайтда Шавкат Мирзиёевнинг Конституциявий комиссия аъзолари билан учрашуви давом этмоқда.
Президент Шавкат Мирзиёев:
«Инсоннинг қадр-қиммати аввало унинг табиий яшаш ҳуқуқида намоён бўлади. Бу – энг улуғ ва муқаддас қадриятларимиздан биридир. Маълумки, биз ўлим жазоси тайинланадиган жиноятлар сонини босқичма-босқич камайтириб, бу жазони тўлиқ бекор қилдик.
Шунга қарамай, айрим фуқаролар томонидан ўлим жазосини тиклаш, уни жиноят қонунчилигига қайта киритиш ҳақида таклифлар ҳам илгари сурилмоқда.
Ваҳоланки, демократик ва инсонпарвар ғояларни олий қадрият даражасига кўтарган дунёдаги аксарият давлатларда ўлим жазоси бекор қилинган.
Чунки яшаш ҳуқуқи – ҳар бир инсоннинг табиий ҳуқуқи бўлиб, унга бу ҳуқуқни давлат эмас, Яратганнинг ўзи ато этган.
Агар сизлар қўллаб-қувватласангиз, Конституциямизга “Ўзбекистонда ўлим жазоси тақиқланади”, деган яна бир муҳим нормани киритишни таклиф қиламан.
Шу тариқа, биз бу ўта жиддий масалада ҳеч қачон ортга қайтмаслигимизни, инсонпарварлик ғояларига содиқ эканимизни бутун дунёга яққол намоён қиламиз»- деди давлат раҳбари.