Эроннинг Машҳад шаҳрида икки нафар шиа уламосини ўлдиришда айбланган ўзбекистонлик йигит қатл этилди. Бу ҳақда «Tasnim» хабар берди.
Маълум қилинишича, 5 апрель куни асли ўзбекистонлик 21 ёшли Абдуллатиф Мурадий Имом Ризо номли шиа ибодатхонасида уч нафар уламога пичоқ билан ҳужум қилган. Оқибатда улардан бири ногиронлигича қолган, икки нафари олган жароҳатлари туфайли вафот этган.
Таъкидланишича, йигит бир йил аввал Покистон орқали Эронга ноқонуний борган. У одам ўлдириш мақсадида пичоқ билан ҳужум қилишда айбланган. 20 июнь куни эрталаб Мурадий Машҳаддаги Вакилобод қамоқхонасида осилган. Марҳум ИШИД террорчилик ташкилоти тарафдори бўлгани қайд этилган.