Қашқадарёда 4 ёшли бола номаълум касалликдан вафот этгани айтилганди. Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳолат бўйича ўрганиш натижаларини маълум қилди.
Таъкидланишича, у ерда вазирлик томонидан юборилган малакали мутахассислардан иборат тиббий гуруҳ иш олиб бормоқда. Уларнинг дастлабки хулосалари бўйича қуйидагилар маълум қилинган.
2019 йилда туғилган А.Н. (ўғил бола) 20 июнь куни соат 9:40 ларда Ғузор туман тиббиёт бирлашмаси болалар реанимацияси бўлимига ўлимолди ҳолатида олиб келинган. Болага юқори нафас йўллари яллиғланиши, гипертермик ва талваса синдроми, токсик энцефалопатия, бош мия шиши, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги, ДВС синдроми, карахтлик 2-даражаси ташхиси қўйилган. Кўрсатилган реанимацион муолажаларга қарамасдан, шифохонага олиб келинганидан 1 соату 10 дақиқа ўтиб, болада биологик ўлим қайд этилган.
22 июнь куни соат 23:05 да Ғузор туман тиббиёт бирлашмасига 2016 йилда туғилган А.Г. (қиз бола) ҳам ўта оғир аҳволда ётқизилган. У 20 июнь куни вафот этган А.Н.нинг яқин қариндоши бўлган. Бу беморга юқори нафас йўллари яллиғланиши, вирусли интенциал синдром, токсико инфекцион шок, ДВС синдроми, гемолитик уремик синдром, ўткир буйрак етишмовчилиги анурия босқичи, токсик энцефалопатия, мия шиши, ўткир юрак ва нафас етишмовчилиги ташхиси қўйилган. Беморни даволаш учун болалар реаниматологи, болалар невропатологи, гематолог, нефролог, токсиколог ва инфекционист мутахассислар жалб қилинган. Бироқ кўрилган даво чораларига қарамасдан, бемор 24 июнь соат 04:00 лар атрофида вафот этган.
Аниқланишича, А.Н. ва А.Г. бир дарвозадан кириладиган икки ҳовлида яшаган. Болалар бирга ўйнаган, баъзан бирга овқатланган. Улар билан контактда бўлган 9 киши профилактика мақсадида изоляцияга олиниб, эҳтиёт чораси сифатида ўта хавфли инфекцион касалликларга лаборатор таҳлиллар ўтказилган.
Натижада айни пайтда 2018 йилда туғилган А.А.да геморрагик иситма гумон қилинмоқда. Шу боис унинг қон таҳлилларини якуний текшириш ва хулоса бериш учун Республика ихтисослаштирилган эпидемиология, микробиология, юқумли ва паразитар касалликлар илмий-амалий тиббиёт марказининг Вирусология илмий-тадқиқот институти лабораториясига юборилган. Бу жараён эса маълум вақт талаб қилади.
Маълумот учун, геморрагик иситма, асосан, майда кемирувчилардан, ҳашарот(кана)лардан одамга турли йўллар билан юқади. Эҳтиёт чораси сифатида зарур эпидемиологик тадбирлар бошланган. Беморлар яшаган хонадонда профилактик дезинфекциялаш ишлари ўтказилган. Уйдаги ичимлик сақланадиган ҳовуздан лаборатор текширув учун намуна олинган.