Таиланднинг Сонгкла шаҳзодаси университети олимлари уй ҳайвонлари орқали одамга коронавирус юқишининг биринчи ҳолатини аниқлади. Бу ҳақда «Nation Thailand» хабар берди.
Маълум қилинишича, 2021 йил 4 августда Бангкокда ота ва унинг ўғлида коронавирус аниқланган. Касалхонада ётоқлар етишмагани учун улар Сонгхла шаҳридаги касалхонага ўтказилган. Ота ва ўғил тез ёрдам машинасида 20 соатлик йўлга уй мушукини ҳам олиб борган. Беморлар касалхонага ётқизилганидан сўнг, мушук тест учун ветеринария клиникасига олиб кетилган.
Мушук соғлом кўринса-да, унда ковид аниқланган. Ветеринар мушукнинг бурнидан тампон олаётганда, ҳайвон унга аксирган. Натижада ветеринар тиббий ниқоб кийган бўлса-да, унда коронавирус қайд этилган. Геномик кетма-кетлик шуни кўрсатдики, мушукнинг эгалари, мушук ва ветеринар бир хил «дельта» штами билан касалланган.
Таиландлик тадқиқотчилар бу вируснинг мушукдан одамга юқишининг биринчи ҳолати эканини айтган.