Покистон маҳаллий ОАВ сининг хабар қилишича, душанба куни Покистоннинг Шимолий Вазиристон вилоятида қасддан портлатиш ҳодисаси содир этилган. Ҳодиса оқибатида 10 нафар хавфсизлик ходими жиддий жароҳат олгани айтиб ўтилади.
Хавфсизлик хизмати ходимларига тегишли транспортларга бўлган ҳужум Мирали шаҳридаги Хади бозорига яқин жойда амалга оширилган. Шимолий Вазиристон Комиссари ўринбосари Шаҳид Али Хоннинг сўзларига кўра, ушбу қасддан уюштирилган портлаш оқибатида умумий 10 киши жароҳат олиб, уларнинг учтаси ўта жиддий яраланган.
Расмийларнинг хабар беришича, хавфсизлик ходимларидан иборат автоулов Мирали шаҳридан Мирамшоҳ вилоятига бораётган вақтда уларнинг ёнига тушган мотоциклдаги террорчи машиналардан бири ёнида ўзини портлатган. Айни пайтда жиддий жароҳат олганларнинг уч нафари ўша заҳотиёқ Банну гаррисон касалхонасига муолажа учун юборилган.
Портлашдан сўнг, хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан воқеа жойи ўраб олиниб, қидирув операцияси бошлаб юборилган. Ўша ерлик аҳолининг айтишича, айни пайтда Миралидан Мирамшоҳга борадиган транспорт йўли ёпиб қўйилган. Қидирув ишлари кетмоқда, бироқ шу вақтгача ҳеч қандай гуруҳнинг бу ҳужумга алоқаси бор-йўқлиги аниқланмади, дейди расмийлар.
Бу ушбу ойда содир этилган иккинчи суиқасд ҳужуми дейилмоқда. Бундан аввал 30 майда Шимолий Вазиристоннинг Размак ҳудудига тегишли ерда рўй берган яна бир портлаш оқибатида икки нафар хавфсизлик ходими билан бирга бир қанча болалар ҳам жароҳат олган.
Аввалги портлаш ҳукуматни Покистоннинг таъқиқланган Таҳрик-е Толибон ҳаракати билан олиб бораётган музокаралари натижасида содир бўлган. Айни пайтда Покистондаги сиёсий беқарорлик ҳамда чегаралардаги кескинлик сабаб Шимолий Вазиристонда бу каби ҳодисалар авж олмоқда, дейилади хабарларда.
Машҳура КАРИМ тайёрлади