Қоранинг қони чиққунча сариқнинг жони чиқсин ёхуд Россия-Қозоғистон ўртасидан ўтган «оламушук» оқибати

Хабар қилинишича, чоршанба 6 июль санасида Россия суди Қозоғистоннинг нефть экспорти учун «дарвоза» вазифасини ўтаб келган Новороссийск терминалини «вақтинча ёпиш» бўйича буйруқ чиқарди. Бунга Қозоғистон раҳбари Қосим-Жомарт Тўқаевнинг Европа Иттифоқига кўпроқ нефть жўнатишга тайёрлигини билдириши сабаб бўлди, дейилади.

ОАВларининг берган хабарларига кўра, Россия суди вақтинчалик Каспий қувурлари консорциумининг (CPC) Новороссийскдаги нефть терминалини «екологик муаммолар» сабаб вақтинча ёпиб қўйди. Бу муддат 30 кун давом этади, дейилади CPC баёнотида. Новороссийск терминалининг ёпилиши биринчи марта эмас. Аввал ҳам, июн ойларида порт сувларида иккинчи жаҳон урушига тегишли деб кўрсатилган 50 та портловчи модда топилиши оқибатида порт ёпилган эди. Март ойида эса кучли бўрон олиб келган зарарларни тўхтатиш учун терминални ёпиб қўйишган. Ўша вақтдаги уч ҳафталик чекловда жаҳон бозори қарийб 1 миллион бочка ҳажмидаги нефтьдан айрилган эди.

Маълумотларга кўра, Қозоғистон Россия орқали ҳар йили Европани 67 миллион тонна нефть билан таъминлаб келади. Россия судининг бундай қарорга келишига Тоқаевнинг Европа Консуллиги Президенти Майкл Чарлз билан телефонда олиб борган мулоқоти сабаб бўлди, дейилади. Тўқаевнинг идораси берган пресс-релизга биноан, у “чуқурлашиб бораётган геоиқтисодий емирилишлар” ҳақида гапириб, Қозоғистон Шарқ ва Ғарб, Жануб ва Шимол ўртасида “буфер бозор” сифатида жаҳонга ўз ҳиссасини қўшиши мумкинлигини айтиб ўтган.

Қосим-Жомарт Тўқаев, шунингдек, жаҳон энергия хавфсизлиги олдида турган хавотирлар ҳақида ҳам фикр билдирар экан, «жаҳон ва Европа бозорларидаги ҳолатни барқарорлаштириш учун Қозоғистон ўзининг гидрокарбон потенциалидан фойдаланишга тайёрлигига» ҳам урғу бериб ўтди. Дарҳақиқат, Қозоғистон нефть ва газга бой мамлакат. Шунга қарамай газ уларнинг ўз истеъмоли учун ҳам зарур. Устига-устак, Европа Иттифоқига қозоқ газини экспорт қилиш учун газ қувурлари ҳам йўқ. Нефтьга келадиган бўлсак, Европа Иттифоқи йўллаган санкциялар оқибатида Россиянинг сустлашувини бироз бўлса-да юмшатиш учун айни пайтда нефть Қозоғистонда мавжуд имкониятлардан деб қаралмоқда.

«Сўнгги пайтларда содир бўлган муҳим геосиёсий ўзгаришлар туфайли ҳамда бу ўзгаришларнинг Россия портлари орқали Қозоғистон нефть экспортига бўлган салбий таъсирини олдини олиш мақсадида 2022 йил июнь ойидан бошлаб қозоқ нефть навининг қуйидаги номи қўлланилади – KEBCO (Kazakhstan Export Blend Crude Oil)», — дейди Қозоғистон нефть ишлаб чиқарувчиси. Бу ҳақида «Reuters» агентлиги ўз нефтини Россия портлари орқали ўтказувчи CNPC-Aktobemunaigaz компаниясига таяниб хабар берган.

Эслатиб ўтиш жоиз, гарчи Қозоғистон Россия етакчилигидаги Евроосиё иқтисодий иттифоқи ва Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотининг аъзоси бўлса-да, яқинда Тўқаев унинг мамлакати Донецк ва Луганск “республикалари»нинг мустақиллигини тан олмаслигини билдириб ўтган.

Машҳура КАРИМ тайёрлади