Қўйиндан тўкилиб, қўнжига «киритилган» ерлар ёхуд югуриб ҳам «сомонхона»га етмаётган «акахонлар» бормисиз-омонмисиз?!

Донишманд халқимизнинг «Менинг нафсим балодир, ёнган ўтга солодир», деган  яхши бир нақли бор. Бежиз айтилмаган. Ҳақиқатда, бу нафс ўлгур бало-да. Тешик халтага ўхшайди. Қанча солсанг тўлмайди ҳам, тўймайди ҳам. Худди «баъзи» амалдорларга ўхшаб… Аксинча, энига қараб шишгани-шишган. Унинг касофатига бир ёқда оддий халқнинг бири икки тугул ярим ҳам бўлмаяпти.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан «Яшил макон» лойиҳаси бўйича турли жойларда кўчатлар экиш, дарахтзорларни ободонлаштириш ишлари бўлиб ўтганидан хабарингиз бор. Аммо лойиҳадан кутилган натижаларнинг оёғи осмондан бўлиб ётибди. Нега дейсизми?

Келинг, масалани биргина Андижон вилояти Асака туманидаги ҳолат мисолида тушунтириб ўтсак. Асакалик Отабек Нуритдинов элим деб ёниб-куйиб, ўзини ўтга-чўғга уриб юрадиган куюнчак тадбиркорлардан. У «Яшил макон» лойихасини ўз туманида ривожлантириш мақсадида ўзи истиқомат қилаётган ерга бор бисотини тикиб, 300 минг ниҳол ЭКДИ… Минг афсуслар бўлсинки, бу ниҳолларнинг деярли барчаси нобуд бўлди.

Ишни бошлаш учун сўралган 6 гектар ернинг туман мутасаддилари томонидан февралда «берамиз» деган ваъдасидан июнгача ҳам дарак бўлмагач О. Нуритдиновнинг ўз ерига эккан кўчатлари ўсиб, жой ва қаров эҳтиёжларини «қўмсаб» қурий бошлаган.

«Кўчатларни экишга, одам ёллаб ишлатишга маблағим қолмай туман хокимига «бир ўзимга оғирлик қилади бунча кўчат, ободон, қишлоқ хўжалиги ва кимда имкон бўлса, улар ҳам олиб кетиб экишсин ерга, барибир бунча кўчат 6 гектар ерга сиғмайди» дея илтимос қилдим. Ҳоким топшириқ берди, лекин на ободон, на қишлоқ хўжалиги биронтаси нихолларни экишга олиб кетмади», дейди тадбиркор. Анча қистовлардан сўнг, даб-дурустдан сўралган ернинг атиги 2 гектарини ажратишган.

Борига шукр, дея не кўз билан ерни бориб кўрса, энг муаммоли ва ҳатто одам яшаса ҳам барака топмайдиган жой бўлган. На тупроқ унумдор ва на сув келади. Бир ёқда банкрот бўлиб қолган тадбиркорнинг одам ёллаб ишлатишга ҳам, ёлланган одам у ёқда турсин ўз хотин ва бола-чақасининг нон-чойига хам маблағи қолмаган.

Ишонч билан яшил макон лойихасига уриниб, дарахтларни кўпайтирсак, иқлимда намлик кўтарилади, ер ости сувлари қайтади, дегандим. Лекин нафсига ўч бўлган мансабдорларни хисобга олмаган эканман. Улар тарафдан турли тўсиқ, муаммолар яратилишини билмагандим», дейди афсус ва аламдан ёнаётган тадбиркор.

Бор бисотини шу кўчатларга тиккан О. Нуритдиновнинг айтишича, мутасаддилар фермерларни қақшатиб, туман адирларидаги хосилдорлиги паст ерларга 36 центнер ғалла режасини бажаришни юклаган, хосилдорлиги баланд ерларга эса ғалла ўрнига кўкат етиштирилишига рухсат бериб, шу ерлардан мўмай даромад қилиб «юмалоқ қорни»ни баттар шишириб юрибди.  Ерларни тадбиркорларга сотиб юборишган, “тўри мени бунга исботим йўқ, лекин ерлар сотиб юборилгани аниқ, бўлмаса сувли ерларни бошқа вилоятлик тадбиркорларга бериб юборилишини қандай тушуниш мумкин”, дея таъкидлайди нуритдинов.

Аслида бу ерларга, бу лойиҳага давлат қанчадан-қанча миллиардлаб маблағ ажратган. Бу «акахонлар» эса аҳолига на ажратилган маблағ билан ёрдам қилади, на ўз маблағи эвазига кўчат экмоқчи бўлганларга ер беради?

—Вилоят хокимига рахмат, катта ёрдам қилиб қўллади. Лекин пастда яна ўша кўзбўямачиликдан нарига ўтилмади. Яшил макон лойиҳасига нафақат боримни тикдим, хатто катта қарзга хам киришга тўғри келди. Натижани кўрсалар, молиявий тарафлама қўллов бўлади, ишлар жойига тушади, дегандим. Лекин маҳаллий амалдорлар ҳар тарафлама тўсиқларга дучор қилиб, лойиха амалга ошмаслиги учун қўлдан келганича харакат қилдилар ва уддасидан чиқдилар, — дейди куйиниб.

«Бузоқнинг югургани сомонхонагача» дейишган. Аммо ўз нафси йўлида бир четдан давлат хирмонини кемираётган бу каламушлар ўз «сомонхонаси» га қачон етаркин? Мавлоно Румий «Одам тақиқланган нарсага нисбатан очкўз бўлади» деганда тескари йўл тутишни назарда тутганми шунда ? Бемалол кемираверинглар, давлатдан ажратилган пуллар, аввало, сизники, мабодо ортса халқники, ортмаса ҳам майли, деган сўзлар билан вазифани йўналтириш керакмикин энди? Яхши гап билан инидан чиққан илондан хам ҳавфли бўлиб чиқяптими бу «уддабуронлар»…?

Ушбу масала бўйича масъул идоралардан ҳамда экология қўмитасидан муаммони ўрганиб  ўз муносабатларини билдиришини кутиб қоламиз. Зеро бу хабарларни Нуритдинов ўз ижтимоий саҳифасига жойлаганига кўп бўлди, аммо ҳанузгача бирор садо чиққани йўқ…