Ўзбекистонда рекорд даражада иссиқ об-ҳаво кузатилади

Ўзбекистонда рекорд даражада иссиқ об-ҳаво кузатилиши маълум қилинди. Бу ҳақда «Ўзгидромет» бош директори хабар берди.

Маълум қилинишича, 17–22 июль кунлари Ўзбекистон ҳудудига Туркманистон орқали Эрон ҳудудларидан иссиқ ҳаво кириб келиши кучаяди. Шу сабабли кундуз кунлари ҳаво ҳарорати:

Қорақалпоғистон Республикасида, Хоразм, Бухоро, Навоий, Қашқадарё, Сурхондарё вилоятларида 44–47 даражагача;

Тошкент, Самарқанд, Жиззах, Сирдарё вилоятларида 42–45 даражагача;

Фарғона водийси вилоятларида 41–43 даражагача кўтарилади.

Республика бўйича баъзи жойларда шамол чанг тўзонлар билан 15–20 метр/секундгача кучайиши кутилмоқда. Айрим жойларда шамол 22–25 метр/секундгача кучайиши мумкин.

Тадқиқотчи Эркин Абдулаҳатовнинг изоҳ беришича, кўплаб ҳудудларда кузатувлар тарихидаги рекорд иссиқлик кўрсатгичлари янгиланади.