200 000 сўмлик банкноталарнинг муомалага чиқарилиши долларлашув даражасининг камайишига хизмат қилиши мумкин

Прогнозлаштириш ва макроиқтисодий тадқиқотлар институти экспертлари сўнгги ойларда нақд пулга талабнинг ошишига сабаб бўлаётган омилларни таҳлил қилди.

➖2022 йилнинг 1 июнь ҳолатига кўра, муомаладаги нақд пулларнинг ҳажми 36,9 триллион сўмга етиб, 2017 йилнинг 1 июнь ҳолатидагига (13,2 трлн. сўм) нисбатан 2,8 баробар ошган.

Шундай бўлса-да, нақд пулларнинг кенг маънодаги пул массасидаги улуши камайиб бормоқда. Ушбу кўрсаткич 2017 йилнинг 1 июнида 31,2% ни ташкил этган бўлса, 2022 йилнинг 1 июнига келиб 23% гача камайди.

➖2017 йилдан бошлаб нақд пулга бўлган талаб мавсумий характерга эга бўлиб келмоқда. Апрель-май ойларидан бошлаб иқтисодий фаолликнинг ортиши (масалан, тўй ва шунга ўхшаш маросимлар сонининг кўпайиши, қурилиш ишларининг тезлашиши, ёзги пишиқчилик, дам олиш ва улар билан боғлиқ харажатларнинг ортиши) нақд пулга бўлган талабни оширади ва ушбу тенденция ноябрь ойларига қадар давом этади.

Ноябрдан март ойигача бўлган даврда муомаладаги нақд пул ҳажми сезиларли даражада камаяди. Апрель-ноябрь ойлари оралиғида чет элдан пул ўтказмаларининг кўпайиши билан аҳоли томонидан валюта сотуви ҳажми ҳам ошиб боради. Сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадри мустаҳкамланиши ёки барқарорлигини сақлаб туриши шароитида ушбу тенденция янада жадаллашади.

➖Жорий йилнинг 5 ойида пул ўтказмалари ҳажми 4,19 миллиард АҚШ долларини ташкил этди. Бу 2021 йилнинг мос давридагига (2,61 млрд АҚШ доллари) нисбатан 61% га (1,58 млрд АҚШ долларига) кўпдир.

Мазкур даврда банклар томонидан жисмоний шахслардан 4,32 миллиард АҚШ доллари миқдорида валюта сотиб олинди. Бу эса ўтган йилнинг мос давридагига (2,72 млрд АҚШ доллари) нисбатан 59% кўп дегани.

➖Катта ҳажмдаги олди-сотди операцияларини (уй-жой, машина олди-сотдиси) хорижий валютада (АҚШ доллари, евро) амалга оширилганда, ўз-ўзидан миллий валютага талаб камаяди.

➖Ички валюта бозорида сўмнинг АҚШ долларига нисбатан қадри ошиши ортидан аҳолининг кўпчилиги валютадаги жамғармаларини миллий валютага ўтказишни афзал кўра бошлайди.

➖Валюта курси барқарорлиги сақланиб турган бир шароитда 2022 йилнинг 15 июлидан 200 000 сўмлик банкноталарнинг муомалага чиқарилиши катта ҳажмдаги нақд ҳисоб-китобларни осонлаштириб, долларлашув даражасининг янада камайишига хизмат қилиши мумкин.

➖Сўнгги 4 йилда тўлов тизимининг ривожлантирилиши натижасида нақд пулсиз ҳисоб-китоблар ҳажми сезиларли даражада ошди. Муомаладаги банк карталари сони 1,7 баробарга (01.06.2018 йил ҳолатига кўра 17,7 млн донадан 01.06.2022 йил ҳолатига кўра 29,4 млн донага), ўрнатилган тўлов терминаллари сони 1,8 баробар (241 мингтадан 433,2 мингтага), ўрнатилган банкомат ва инфокиосклар сони 2,7 баробар (6,1 мингдан 16,7 минг)га кўпайди.

➖2022 йилнинг январь-май ойлари оралиғида тўлов терминаллари орқали тушган тушумлар ҳажми 58,2 триллион сўмга етди ва 2021 йилнинг мос давридагига (39,9 трлн сўм) нисбатан 1,5 баробар 2018 йилнинг январь-май ойларидагига (23 трлн. сўм) нисбатан 2,5 баробар ошди.