Оқолтин тумани ҳокимининг ўринбосар 400 АҚШ долларини пора сифатида олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.
ДХХнинг Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирда ҳоким ўринбосари ўз хизмат хонасида маҳаллий масъулияти чекланган жамият иш юритувчисидан пора олишда қўлга олинган.
Маълум бўлишича, айбланувчи аввал ҳам МЧЖ масъулларидан 1 млн. сўм миқдорида пора олган. У биржа савдолари орқали ун маҳсулотлари сотиб олишига тўсқинлик қилиш, имтиёзлар бермаслик ҳамда «қора рўйхат»га киритиш билан қўрқитиб келган. Шунингдек, 500 АҚШ доллари берса, келгусида МЧЖга раҳнамолик қилишини айтган.
Ҳолат юзасидан мазкур мансабдор шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 210-моддаси (пора олиш) билан жиноят иши қўзғатилган ҳамда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.