Марказий Осиё давлатлари Boeing харидорлари рўйхатидан чиқариб ташланди

Корпорация сайти Американинг Boeing самолёт ишлаб чиқарувчи корпорацияси Маркази Осиё ва Россияни ўз маҳсулотлари харидорлари рўйхатидан чиқариб ташлаганини эълон қилди. Сайтда қайд этилишича:

келгуси 20 йил учун прогноз бўлган таъминот харитасида минтақа кулранг рангда — 2041 йилгача етказиб бериш режалаштирилмаган ҳудудлар сифатида кўрсатилган.

«Бу ҳудуд биз учун мақсадли бўлмаган бозор», — дея маълум қилган Boeing тижорат маркетинг бўйича вице-президенти Даррен Халст.

Корпорациянинг тижорий ҳаво қатнови ва самолётларга бўлган талаб бўйича узоқ муддатли прогнози Россиянинг Украинадаги ҳарбий «Махсус операцияси» авиация саноатига бевосита таъсир кўрсатгани, биринчи навбатда, Россияга самолётларни етказиб бериш имконсиз бўлиб қолгани билан изоҳланган.

«Россия ва Марказий Осиёда самолётларга талаб мавжудлигига қарамай, бу ҳолат қанча давом этиши ҳақида юқори даражада ноаниқлик мавжуд. Шу сабабли биз Россия ва Марказий Осиё бўйича прогнозни эълон қилмасликка қарор қилдик», дейилади прогнозда.

Корпорациянинг таъкидлашича, Осиё бозорлари янги самолётларга узоқ муддатли талабнинг тахминан 40 фоизини ташкил қилади. Европа ва Шимолий Америка учун ҳар бири 20 фоиздан. Янги самолётларни етказиб бериш бозорининг қиймати 7,2 триллион долларни ташкил этади, бу талабни қондириш учун тижорат хизматлари бозори 3,6 триллион долларга баҳоланмоқда.

2041 йилга келиб, глобал самолёт парки 2019 йилдаги пандемиядан олдинги даражага нисбатан 80 фоизга ошиши кутилмоқда.