Президент ўзи ҳақида айтган 7 та ҳақиқатни биласизми?

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев 65 ёшни қарши олди.

Шавкат Миромонович Мирзиёев 1957 йил 24 июлда Жиззах вилоятининг Зомин туманида шифокор оиласида туғилган.

Олий маълумотли, 1981-йили Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтини тугатган. Муҳандис-механик мутахассислигига эга. Техника фанлари номзоди, доцент.

Меҳнат фаолиятини 1981-йилда Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаш муҳандислари институтида бошлаб, кичик илмий ходим, катта ўқитувчи, доцент, ўқув ишлари бўйича проректор лавозимларида ишлади.

1990-йили Республика Олий Совети депутатлигига сайланиб, айни вақтда Мандат комиссиясининг раиси сифатида ҳам фаолият кўрсатди.

1992-йилда Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек тумани ҳокими лавозимига тайинланди. 1996-2001-йилларда Жиззах вилояти ҳокими, 2001-2003-йиллар мобайнида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимларида ишлаб, мазкур туман ва вилоятларни ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ривожлантиришга катта ҳисса қўшди.

Ижро ҳокимиятидаги фаолияти билан бир пайтда 1995-2003-йилларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг депутати сифатида ҳам мамлакатни сиёсий, ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш ҳамда демократик ислоҳотларни амалга ошириш борасидаги муҳим қонун ҳужжатларини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш жараёнида фаол иштирок этиб, самарали фаолият олиб борди.

Ш.М.Мирзиёев 2003-йилда Ўзбекистон Республикасининг бош вазири этиб тасдиқланди ва ушбу лавозимга яна уч марта – 2005, 2010, 2015-йилларда Олий Мажлис палаталари томонидан қайта тасдиқланди.

8 сентябрь куни Ўзбекистон президентининг вазифа ва ваколатларини бажариш вақтинча бош вазир Шавкат Мирзиёев зиммасига юкланди.

4 декабр куни бўлиб ўтган президент сайлови якунлари бўйича сайловчиларнинг 88,61 фоиз овози билан Ўзбекистон Республикаси президенти этиб сайланди. 2016 йил 14 декабрда расман ўз вазифасини бажаришга киришди. 2021 йилда ўтказилган сайловларда Шавкат Мирзиёев 80,1 фоиз овоз олиб, президентлик лавозимига қайта сайланди.

Шавкат Мирзиёевнинг 7та ҳақиқати

Ушбу сўзлар Ўзбекистон Ресбуликаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг туғилган куни муносабати билан «Жаноб Президент» номли ҳужжатли фильмда Президентнинг ўзи томонидан айтиб ўтилган.

1. Мен ўзимга мукаммал, бир катта режа қўярдим. Режам шундай эдики, ҳар сафар ўзимни устимда изланиш, ишлаш!

2. Халқимиз жуда кўп-кўп оғир вақтларни кўрди, оғир синовларни кўрди, жуда кўп хатоларни ҳам ҳаётида ўзининг намунасини кўрди. Нима учун биз, мана шу, Президент қабулхонасини очдик? Хато кам бўлиши учун. Агар халқ билан маслаҳат қилиб, бамаслаҳат иш қилсак, ана шу, ҳам ташқи сиёсатда, ҳам ички сиёсатда, хато камроқ бўлади.

3. Авваламбор, қишлоқдаги ҳаётимизни ҳозирги замон талабига мос қилиб, одамларимизнинг орзу-ниятларини, одамларимизнинг муаммоларини, агар жойига биз, қўймас эканмиз, одамларни ишонтириш қийин бўлади.

4. Эътиборнинг энг катта замини, фундаменти — мактабгача таълим-тарбия. Мактабда хато бўлиши мумкин, коллежда хато бўлиши мумкин, олийгоҳда ҳам хато бўлиши мумкин, лекин шу хатоларни тўғирлашнинг битта-ю, битта, ягона йўли — мактабгача таълим-тарбияга аҳамият бериш.

5. Ҳозир журналистлар рўй-рост гапиряпти. Ҳамма камчиликларни очиб беряпти, ҳеч ким ҳозир, унақа олдингидай, қандайдир танбеҳ, олдингидай мумкин, мумкин эмас, деган нарсалар йўқ. Албатта, бу соҳада ҳам, авваламбор, журналистларнинг ҳам савияси баланд бўлиши керак. Шу билан бирга халқимизнинг ҳам савияси ўсиши керак.

6. Ҳамма раҳбарлар ҳам ҳозирги халқимизнинг талаби асосида ишлашга тайёр эмас. Мана шуларнинг дунёқарашини ўзгартириш, халқимизга муносиб хизмат қилдириш ва қилиш — менинг энг катта вазифам. Ҳеч қачон хато қилишга ҳақим, шахсан менинг ҳам, йўқ. Ҳозирги раҳбариятнинг ҳам ҳақи йўқ.

7. Қаерда ишлашингдан қатъи назар, ким бўлишингдан қатъи назар, агар оилада тарбия, оилада муҳит, оилада ҳалоллик, муносабат, оилада тарбияга алоҳида эътибор бермасанг, ҳеч қачон натижа бўлмайди. Шунинг учун, мен фарзандларимнинг тарбиясига жуда катта эътибор бераман. Ҳар бир фарзандимга ҳам, набирамга ҳам алоҳида ўзимнинг муносабатим бор. Ҳар бир неварамнинг алоҳида характерини биламан, ниятини биламан, истагини биламан. Одам бахтлиман дейишга қачон ҳақи бор? Агар оиланг билан сен бахтли бўлсанг, бахтли дейишга сенинг ҳақинг бор. Фақат оилам бахтли бўлиши эмас, халқим бахтли бўлса, мен ўзимни бахтли, деб биламан.