Кимлар санаторий-курортларга бепул йўлланма олиши мумкин?

Қонунчиликка мувофиқ қуйидаги ногиронлар ва кексалар тоифасига бепул санатория-курорт йўлланмалари тақдим этилади:
уруш ногиронларига ва қатнашчиларига тенглаштирилган шахслар;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинлари (бева эрлари);
республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахслар;
Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахслар;
ядро полигонларида ҳарбий хизматни ўтаган шахслар;
I ва II гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I-гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахс;
ёлғиз кексалар;
пенсионерлар.

Йўлланма олиш учун қуйидаги ҳужжатлар Тиббий-ижтимоий хизматлар агентлиги ҳудудий бўлинмаларига топширилиши лозим:
ариза;
паспорт нусхаси;
юқоридаги фуқароларнинг имтиёздан фойдаланиш ҳуқуқини берувчи ҳужжатлар (ногиронликни тасдиқловчи, пенсионерлар учун гувоҳнома ва б.);
тиббий хулоса.

Йўлланмаларни бериш даврийлиги қуйидагича.

ҳар йили (навбат асосида):
уруш ногиронларига тенглаштирилган шахсларга;
республика аҳамиятига молик шахсий пенсия олувчи шахсларга;
Чернобиль АЭС ҳалокати оқибатида нурланиш касаллигига чалинган ва уни бошидан кечирган шахслар, шунингдек Чернобиль ҳалокати сабабли ногирон бўлиб қолган шахсларга;
ядро полигонлари ва бошқа радиация-ядро объектларида ҳарбий хизматни ўтаган
шахсларга;
ёлғиз кексаларга;

2 йилда 1 маротаба (навбат асосида):
уруш қатнашчиларига тенглаштирилган шахсларга;
ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг бева хотинларига (бева эрларига);
I ва II гуруҳ ногиронлари, кўзи ожиз I гуруҳ ногиронини кузатиб борувчи шахсга;

санаторийларда бўш ўрин мавжуд бўлган тақдирда 3 йилда 1 маротаба (навбат асосида) — пенсионерларга.

Йўлланмалар 12 кунга, йўлланмаларнинг амал қилиш муддати бошланишидан камида 10 кун олдин берилади.