Ҳаво қандай бўлишидан қатъий назар танамиз ўртача 37,5 даража тана ҳароратини сақлаб туришга уринади.
Ушбу тана ҳарорати инсон танасининг меъёрда фаолият юритиши учун энг яхши кўрсаткич ҳисобланади. Ҳавода иссиқлик ортгани сайин тана ўз ҳароратини пасайтириши учун янада кўпроқ энергия сарфлашига тўғри келади. Ҳароратни пасайтириш учун терига яқин томирлар кенгаяди ва терлай бошлаймиз.
Иссиқ ҳаво танангизга қандай таъсир қилади?
— Етарлича суюқлик ичмасангиз бош айланиши ва ҳолсизликни ҳис қилишингиз мумкин
—Танангиз одатдагидан кўпроқ энергия сарфлагани учун юрак уришингиз тезлашади
—Терлаш сабабли терингизда қизаришлар пайдо бўлиши мумкин
— Тери тер ишлаб чиқаради, терининг буғланиши билан тана ўзини совутишга ҳаракат қилади
— Қон айланишининг юқорилиги боис оёқ тўпиқлари шишиши мумкин
Қачон муаммо бошланади?
Ҳавода иссиқлик ортгани сари бу жараённинг вужуддаги босими ҳам ортади. ВВС соғлиқни сақлаш мухбири Жеймс Галлагер бу борада қуйидаги фикрларни билдирди:
Томирларнинг кенгайиши сабабли қон босими тушади, натижада танада қон айланишини таъминлаш учун юрак янаям тезроқ ишлаши зарур. Қолаверса, терида турли хил тошма ёки оёқларнинг шишиши кузатилади.
Қон босимининг тушиб кетиши туфайли муҳим органларга қон етиб бормайди ва юрак хуружи хавфи ортади. Терлаш натижасида танада суюқлик ҳамда туз камайиб, улар орасидаги мувозанат бузилади.
Қон босимининг тушиши, иссиқликдан ҳолсизланиш деб номланадиган бошқа бир муаммога йўл очади. Унинг белгилари қуйидагилардир:
— бош оғриғи
— бош айланиши
— кўнгил айниши
— терлаш
— ҳушдан кетиш
— ҳолсизлик
— зеҳн пасайиши
— пай тортишиши (увишиш)
Иссиқдан ҳолсизланган одамга қандай ёрдам берилади?
Танадаги юқори ҳарорат ярим соат ичида пасайса, иссиқдан ҳолсизланиш жиддий муаммо туғдирмайди.
Англя Миллий Соғлиқни сақлаш Хизмати (NHS) бу муаммога дуқ келган кишиларга шундай тавсия беришади:
— бемор салқин жойга олиб борилиши
— оёқларини бироз буккан ҳолда ётқизилиши
— кўп сув ичирилиши — спортчиларнинг ичадиган сувидан ёки танада сув йўқолишида ишлатиладиган ичимликлар ҳам берилиши мумкин
— терини салқинлатиш учун шамоллатиш, сув пуркаш ёки қўлтиғи остига, бўйин қисмига совуқ сув қўйиш кабилар
Агар 30 дақиқа ичида бемор ўзига келмаса иссиқ урган бўлади. Бу эса тез ёрдам талаб қиладиган муаммодир. Кишининг тана ҳарорати 40 даражадан ошган бўлса ҳам ҳушдан кетиши мумкин.
Иссиқ ҳавода ҳам соғлом бўлиш учун тавсиялар:
— етарли миқдорда сув ичинг ва таркибида сув миқдори кўп бўлган егуликлар истеъмол қилинг
— ҳаво ўтказадиган матолардан кийим кийинг, бошингизга ҳам иссиқликдан ҳимоя қилувчи ёзлик бош кийимлар кийинг
— соя салқин жойларда юринг, сайр ва спорт машғулотларингизнинг вақтини одатдагидан қисқартиринг
— тана ҳароратингизни тушириш учун совуткичлардан фойдаланинг, муз ва совуқ сув билан душ қабул қилинг
Кимларнинг ҳаёти хавф остида?
Соғлом одамлар ўзларининг эҳтиётини қилиб иссиқ ҳаводан ўзини асрай олади. Бироқ айрим инсонларнинг ҳаётлари хавф остидадир. Улар:
— кексалар
— юрак касалликлари бор беморлар
— қандли диабет билан касаллаганганлар. 1 ва 2 тур диабет сабаб тана янада кўпроқ сув йўқотади ва ушбу касаллик келтириб чиқарган асоратлар томирларнинг тузилишида ўзгаришлар бўлишига олиб келади
— чақалоқлар ва мия билан боғлиқ касалликлари бўлганлар танада иссиқлик ортганини англаб, шунга мувофиқ чора кўролмайдилар
— бошпанасизлар қуёш ва иссиқликда кўп қолишга мажбур бўладилар
Эслатиб ўтамиз: Спиртли ичимликлар танада сув миқдорининг камайишига катта таъсир кўрсатади. Ҳаётингизни хавф остига қўймаслигингизни тавсия қиламиз. Иссиқ ҳавода уйда қолинг.
Дилбар Ражабова тайёрлади