Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) бош директори Тедрос Адханом Гебрейесус маймунчечак 78 та давлатда аниқланганини маълум қилди. Бу ҳақда «Reuters» хабар берди.
Расмийга кўра, касалланганлар сони 18 мингдан ошган, уларнинг 70 фоизи Евопада қайд этилган.
«ЖССТ маймунчечак касаллиги билан алоқада бўлганлар, инфекцияни юқтириш хавфи юқори бўлганлар, жумладан тиббиёт ходимлари, лаборатория ходимлари ва бир нечта жинсий шериклари бўлган шахслар учун мақсадли эмланишни тавсия қилади. Ҳозирда биз маймунчечакка қарши оммавий эмланишни тавсия қилмаймиз», — деган ташкилот раҳбари.
Маълумот ўрнида, қуйидаги давлатларда маймунчечакка чалиниш кўрсаткичи юқори:
Испания – 3125 киши
АҚШ — 2316 киши
Германия — 2268 киши
Буюк Британия — 2137 киши
Франция — 1453 киши
Нидерландия — 712 киши.
Маймунчечак — кам учрайдиган вирусли касаллик. Ҳасталик аломатлари орасида титроқ, чарчоқ, юқори иситма, бош оғриғи ва юздан бошланиб, тананинг қолган қисмига тарқаладиган тери тошмаси, яра киради. Маймунчечакка қарши махсус даволаш усули, шунингдек, унга қарши вакцина ҳам мавжуд эмас.
Маймунчечак касалланган ҳайвонларнинг қони, сўлаги ёки касал териси, шиллиқ пардалари билан бевосита алоқа қилиш орқали юқишини айтилган. Яна бир омил, бу касал ҳайвонларнинг гўштини истеъмол қилиш ҳисобланади. Шу билан бирга, маймунчечак одамдан одамга ҳаво томчилари орқали ёки жинсий йўл билан юқиши мумкин.