Ипакчилик ва жун саноатини ривожлантириш қўмитасида Озарбайжон Республикаси иқтисодиёт вазири Микаил Жаббаров бошчилигидаги делегация аъзолари, “Ўзбекипаксаноат” ва “Яйлов хўжалигини ривожлантириш” уюшмалари масъул ходимлари билан амалий мулоқот бўлиб ўтди.
Учрашувда меҳмонлар “Ўзбекипаксаноат” уюшмасидаги “Showroom”ни кўздан кечиришди. Ипакчилик илмий-тадқиқот институтида олиб борилаётган илмий ишланмалар, тут плантациясини яратилиши, ипак қурти селекцияси, пиллачиликни механизациялаш, сунъий озуқа яратиш, ипак қурти генетикаси ҳамда ипакчилик соҳасида олиб борилаётган тадқиқотлар билан яқиндан танишди.
Шунингдек, мулоқот давомида делегация аъзоларига ўзбек ипакчилигининг тарихи ва бугунги истиқболлари хусусида маълумот берилди. Жумладан, ўтган 4-5 йиллик давр мобайнида ушбу соҳага доир ўнлаб қарор ва фармонлар қабул қилингани ва амалиётга босқичма-босқич татбиқ этилаётгани қайд этилди.