АҚШ Афғонистондаги «Ал-Қоида» еткачиси ал-Завоҳирийни дрон ёрдамида йўқ қилганди. «Толибон» ҳаракати мазкур ҳужумни қоралади, Оқ уй расмийси эса бунга муносабат билдирди. Бу ҳақда «Hasht e Subh Daily» хабар берди.
«Толибон» баёнотида Америка дронларининг Кобулдаги ҳужумини кескин қоралаган ва бу Доҳа келишувига зид эканини билдирган. «Ал-Қоида» террорчилик ташкилоти етакчиси энг хавфсиз ҳудудида ўлдирилган, террорчининг оила аъзоси жабрланмаган, «Толибон» эса Афғонистонда террорчилик гуруҳлари борлигини рад этган. Толибон раҳбарияти ал-Завоҳирийни тантанали дафн қилишга чақирган.
Афғонистондаги журналист Билол Сарварийнинг сўзларига кўра, йиғилишда ушбу ғоя тарафдорларидан бири Олий таълим вазири Абдул-Баки Ҳаққоний бўлган. Бу таклифга ташқи ишлар вазири Амирхон Муттаққий қарши чиққан.
АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен «Толибон» Айман аз-Завоҳирийга бошпана бериб, Доҳа келишувини қўпол равишда бузганини айтган.
«‘Толибон’ Афғонистон халқига ва уларнинг халқаро ҳамжамият билан муносабатларни нормаллаштириш истагига хиёнат қилди», — деган у.
Блинкен Айман аз-Завоҳирийсиз дунё хавфсизроқ бўлишини айтган. АҚШ бу давлат ва унинг иттифоқчилари хавфсизлигига таҳдид солаётганларга қарши ҳаракатларини давом эттиришини таъкидлаган.
Саудия Арабистони «Ал-Қоида» етакчисининг ўлимини олқишлаган. Муносабатда Айман аз-Завоҳирий Америка ва Саудия Арабистонида бир қанча ҳалокатли операцияларни режалаштирган ва амалга оширгани келтирилган. Маълумот ўрнида, мисрлик Айман аз-Завоҳирий Усама бин Лодин ўлдирилганидан кейин Ал-Қоида тармоғининг етакчисига айланган.
Аввалроқ АҚШ Суриядаги «Ал-Қоида»нинг юқори мартабали етакчиси ўлдирилганини эълон қилганди. Шунингдек. АҚШ Бин Ладеннинг ўлимига алоқадор маълумотларни нега яшираётгани айтилган.