Яна ўша аҳвол, тест саволлари “сизиб” чиқди

Ижтимоий тармоқда тест саволлари сурати тарқала бошлади. ДТМ бу ҳақда расмий муносабат билдирди.


“Айрим телеграм каналлар ёзганидек ҳеч қандай арча байрам бошлангани йўқ. Арча байрамни бузиб қўйганимиз учун “узр сўраймиз”. Абитуриент телефон олиб киришни уддаласа, Давлат тест маркази уларни аниқлаб, четлатишни уддалайди.

Марҳамат, сизлар турли расмларни телеграм каналларда эълон қилишда давом этаверинг, биз эса барчаси назоратда эканини кўрсатиб берамиз ҳамда жараёнлар шаффоф ва адолатли ўтишини таъминлаймиз.

1. Кимё фанидан тест топшириқлари акс этган, лекин тест топшириқлари рақами кўринмаган тест топшириқлари китоби 8-август куни Фарғона вилоятида ўтказилган тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур абитуриент тест синови вақтида телефондан фойдаланаётгани аниқланиб, далолатнома асосида тест синовларидан четлаштирилган.

2. Математика фанидан тест топшириқлари акс этган, лекин тест топшириқлари рақами кўринмаган тест топшириқлари китоби эса диагностик тест синовларига тааллуқли бўлиб, мазкур тест топшириқлари китоби 8-август (бугун) куни ўтказилган олий таълим муассасалариниг бакалавриат таълим йўналишларига кириш тест синовларига тааллуқли эмас”.